Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ҲОКИМЛАР ВАКОЛАТЛАРИ ҚИСҚАРТИРИЛИБ, ЖАВОБГАРЛИГИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

Абдишукур ОМОНОВ

20.08.2019


ҲОКИМЛАР ВАКОЛАТЛАРИ ҚИСҚАРТИРИЛИБ, ЖАВОБГАРЛИГИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

Мақсад - тадбиркорликни ривожлантиришда бюрократик тўсиқлар ва сансалорликларнинг олдини олиш, давлат ҳимоясида бўлган хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, мансабдор шахслар ўзбошимчалигининг олдини олиш ва бундай ҳуқуқбузарликка йўл қўйганларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган.

Фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши  Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари хусусий мулк дахлсизлигига оид қонун нормаларини сўзсиз ижро этиш ва уларга қатъий риоя қилиш бўйича шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Бош прокуратура ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига, мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва ундан маҳрум қилиш, мулкни олиб қўйиш ёхуд мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатиш ва мансабдор шахслар томонидан қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш юзасидан зарур чораларни кўриш топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига, биринчидан, тадбиркорлик субъектларини ўзларининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш; иккинчидан, ҳар қандай шаклда қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш; учинчидан, тадбиркорлик субъектлари иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш тақиқланди.

Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилди.

 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, таълим муассасалари (академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бундан мустасно), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият, хусусан, кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари ва кинолаштириш объектлари, шунингдек, давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини хўжалик фаолиятига жалб қилиш ва сотиш тартиби жорий этилди. Унга мувофиқ фойдаланилмаётган активларнинг мулкдорлари Давлат активларини бошқариш агентлиги ва "Давергеодезкадастр" қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг тегишли сўрови келиб тушган вақтдан бошлаб икки ой муддатда балансда сақловчининг юқори турувчи ташкилоти билан келишилган, фойдаланилмаётган объектлар ва бўш турган ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича "йул харитаси"ни тақдим этиши керак.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг муҳим вазифалари белгилаб берилди. Аҳолини тадбиркорлик  фаолиятига кенг жалб қилиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш, мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш, ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлар билан ишлашни кучайтириш ана шу вазифалардан ҳисобланади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари республиканинг барча ҳудудларида фақат "E-IJRO AUKSION" савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали тақдим этилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ер участкалари бериш ҳоллари бундан мустасно эканлиги белгиланди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ушбу тартибни бузганлик учун шахсий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга "YERELEKTRON" автоматлаштирилган ахборот тизимида аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 февралга қадар Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди. Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунга мулкдорларнинг хусусий мулк дахлсизлиги, ўзига тегишли бўлган мол-мулкка   мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, мулкдорларга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер майдонининг бозор қийматида тўлиқ қопланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиш топширилди.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилди. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бош вазир қабулхоналарининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ўз фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини тиклаш ва унга жалб қилиш, тегишли ҳудудда уларнинг сонини ошириш юзасидан рағбатлантириш ва жавобгарлигини кучайтириш тизими жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган долзарб муаммоларни муҳокама қилиш мақсадида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузурида фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари орасидан жамоатчилик кенгашлари тузилишини ҳамда ушбу кенгашлар тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланишини таъминлаш топширилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига ташкил этиладиган жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланди.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари

Report typo