Матбуот анжумани
Вилоят маъмурий судлари томонидан ҳокимият мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний ва ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 2024 йилда 226 та иш кўрилган. Шундан, 38 таси қаноатлантирилган, 156 таси рад этилган, 13 таси кўрмасдан қолдирилган, 19 таси эса иш юритишдан тугатилган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судида вилоят судларининг 2024 йил давомидаги фаолияти таҳлили ҳамда соҳага оид муҳим ва долзарб масалалар юзасидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Айтилишича, маҳаллий ҳокимликлар билан алоқадор ишлар 2023 йилнинг мос даврига нисбатан (283 та) 20 фоизга камайган. Буни жорий қилинган янги тартиб-тамойилларга асосан ер билан боғлиқ муносабатларда инсон омилининг кескин камайганлиги ва Президентнинг тегишли фармонига асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб ҳокимларнинг ер ажратиш ваколати бекор қилингани билан ифодалаш мумкин.
Тадбирда Қашқадарё вилояти суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, вилоят маъмурий суди раиси Ғолибжон Давлатов, вилоят суди раиси ўринбосари - фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Камол Намозов томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишларига оид маълумотлар очиқланди.
Таъкидландики, 2024 йил давомида жиноят ишлари бўйича шаҳар, туман судларида 4887 нафар шахсга нисбатан 3683 та жиноят иши кўрилган. Жараёнда инсонпарварлик тамойили қўлланиши натижасида 10 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. 864 нафарининг иши ҳаракатдан тугатилган, 3840 нафарига нисбатан айблов ҳукми чиқарилган.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар томонидан 2024 йил давомида 4839 та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар кўрилган бўлиб, 2192 та ёки 45 фоиз даъво қаноатлантирилган, 1897 таси рад қилинган, 500 таси кўрмасдан қолдирилган, 250 таси иш юритувдан тугатилган.
Ҳисобот даврида вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларига 9787 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 1176 таси умумий мазмундаги, 2761 таси шахсий ва сайёр қабул жараёнидаги шикоятларни ташкил қилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали 5596 та мурожаат келиб тушган.
- Одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам бериш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш институти тубдан такомиллаштирилиб, ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилди, - дейди Абдуқаюм Маҳкамов. - Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бугунги куннинг энг асосий масалаларидан ҳисобланади. Келиб тушган мурожаатлар ўрганиш натижаларига кўра 360 таси қаноатлантирилган, 18 таси рад қилинган, 9117 тасига тушунтириш берилган, 38 таси тааллуқлилигига кўра, 164 таси тегишлилиги кўра бошқа идораларга юборилган, 8 таси аноним мурожаатлар бўлганлиги боис кўрмасдан қолдирилган, шунингдек, 82 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакилларининг жамиятда одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасидаги саволларига атрофлича жавоб берилди ҳамда келгусида соҳа ривожи йўлида ҳамкорликдаги ишлар кўламини янада кенгайтириш борасида келишиб олинди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
