Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

13.10.2022


Ҳокимлик ходимининг совға олиши тақиқланган...ми?

Ҳокимлик ходимларига ўз хизмат мажбуриятларини бажариши доирасида жисмоний ва юридик шахслардан совғалар ва меҳмондўстлик белгиларини олиш тақиқланади.

Олиш тақиқланган совғалар ва меҳмондўстлик белгилари деганда, жумладан, қарз, кафолатлар, кафиллик, мукофот, моддий ёрдам, нақд пулсиз ва нақд пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари, қимматбаҳо қоғозлар, криптовалюта, бошқа моддий қадриятлар ёки хизматлар кўринишидаги рағбат воситалари тушунилади. Бироқ конференциялар, семинарлар ва турли шу каби учрашувларда тақдим этиладиган умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (ҳозирги пайтда 300 минг сўм)дан ошмайдиган буюмлар бундан истисно ҳисобланади.

Мазкур қоидалар бошқа бир қатор талаб ва тартиб-таомиллар сингари Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсатида акс эттирилган. Алоҳида ҳужжат сифатида ишлаб чиқилган бу сиёсат вилоят ҳокимлиги марказий аппарати ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликларида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган яна 10 та ички идоравий ҳужжат билан бирга вилоят ҳокимининг жорий йил 12 октябрдаги қарорига асосан тасдиқланган.

Ушбу ҳужжатлардан бири - Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларида, хусусан, манфаатлар тўқнашувига ҳам таъриф берилган. Унга кўра, манфаатлар тўқнашуви давлат хизматчиларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.

Давлат хизматчиларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек, улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.

Эътиборлиси, вилоят ҳокимининг шу йил 12 октябрдаги яна бир қарорига мувофиқ Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг коррупцияга қарши ички назорат бўлими фаолияти тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган.

 

Report typo