Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

16.07.2021


Ҳокимнинг хизмат машинаси қанча туради?

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги яна бир карра ўз фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини намойиш этиб, расмий Telegram-каналида #Очиқ бюджет хештеги билан вилоят ҳокимлигининг хизмат автомашиналари ва кўчмас мулклари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди.

                    


Хабар берилишича, Қашқадарё вилояти ҳокимлигида 15 та автомашина мавжуд бўлиб, улар хизмат ва навбатчилик автомашиналари ҳисобланади.

Шунингдек, ҳокимлик мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) бўлган давлат иштирокидаги корхоналар мавжуд эмас. Балансида Қарши шаҳрида 4 ва 5 қаватли маъмурий бинолари, автосарой, соғломлаштириш маркази, Муборак тумани марказида 2 хонали 1 та турар жой ва Қарши тумани “Човқай массиви”да 8 та хизмат уйлари мавжуд, дея маълум қилди вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати.

Бироқ бюджет – бу, биринчи навбатда, пул ва молия билан боғлиқ масала эканлигини ҳисобга олсак, “Очиқ бюджет” рукни остидаги мазкур хабарда хизмат автомобилларининг нархи ҳақидаги маълумотлар етишмасмаслиги турган гап. Зеро чоп этилган жадвалда машиналар русуми, давлат рақами, ишлаб чиқарилган йили, кимга хизмат кўрсатиши билан бир қаторда қиймати ҳам акс этганида, бу очиқлик ва шаффофликнинг янги даражага кўтарилгани белгиси бўлиб, айни пайтда оддий фуқароларда кўпроқ қизиқиш ҳам уйғотар эди.

Чунончи давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида эълон қилинган маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоят ҳокимига хизмат кўрсатадиган Toyota Land Cruiser 200 русумли автомобиль 2019 йилнинг декабрь ойида харид қилинган, шартномада унинг нархи 1 миллиард 176 миллион 974 минг 355 сўм қилиб кўрсатилган эди (бу Марказий банкнинг ўша пайтдаги курси бўйича 120 минг АҚШ долларидан ортиқдир). Бундан ташқари, жадвалга кўра, ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли ҳаммамизга тежамкор бўлиш тавсия этилган бир пайтда, вилоят ҳокимлиги иккита Lacetti Gentra, яна иккита Tracker ва тағин биттадан Nexia-3, Equinox и Trailblazer сотиб олган экан. 2020 йилда ишлаб чиқарилгани қайд этилган бу автомобилларнинг умумий қиймати 1 миллиард 400 миллион сўмдан зиёд.

Report typo