Қабул чоғида фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, адолатни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Электр энергияси таъминоти, уй-жой, таълим ва тиббиёт, тадбиркорликни ривожлантириш каби масалалар юзасидан 423 та мурожаат қабул қилинди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, муддат талаб этиладиганларига масъуллар бириктирилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан ижроси назоратга олинди. Эътиборли жиҳати, келиб тушган кўплаб мурожаатлар шахсийдан кўра умум манфаатига хизмат қилиши билан эътиборли бўлди.
Хусусан, Мустақиллик маҳалласида яшовчи Бухор Юсупов Эски Яккабоғ ички йўли, қабристонни ободонлаштириш, сув масаласида ўз фикрларини баён қилди ва ушбу масала жойига бориб ўрганилиб, ҳал этиладиган бўлди. Қорасувлик Алим Салаев эса ичимлик суви ва боғча қуриш, Дарё қишлоғида яшовчи Маҳмуд Бўриев кўприк қуриш, калтақўллик Юсуф Неъматов йўл, болалар футбол майдончаси ва боғча қуриш, татарлик Нусрат Нуриллаев трансформатор ўрнатиб беришни сўраб, вилоят ҳокими ҳузурига келишди.
Шунингдек, Чўмич маҳалласилик Отабек Бойқобиловга мурожаатига асосан гул дўкони очиш учун жой ажратилган бўлса, Уламжи маҳалласида яшовчи Дилхуш Бахриддинов электр таъминоти корхонасига, галамуллалик Розия Қодирова 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабига ишга жойлаштирилди. Бунёдкор маҳалласида истиқомат қилувчи Салоҳиддин Умидовга новвойхона қуриш учун жой, яшнободлик Бекжон Холбобоевга 2 мингта курка боқиш шарти билан эски шийпон биноси ажратиб берилди. Тезоблик Салоҳиддин Маҳмудовнинг мурожаати ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилишида, ногиронлик гуруҳи олишида ёрдам кўрсатиладиган, қўшимчасига 4 бош қўй ҳам бериладиган бўлди.
- Вилоят ҳокимининг қабулида нотурар жойни турар жой тоифасига ўтказиб беришни сўраб мурожаат қилгандим, - дейди Чинобод қишлоғида яшовчи Шоҳиста Саломова. - Шу куннинг ўзида туман ҳокимининг қарори имзоланиб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилди. Муаммо тезда ҳал бўлганидан мамнунман.
Сайёр қабулда энг сўнгги мурожаат кеч соат 22:15 да тингланди ва унда кўтарилган масала ҳам ижобий ҳал этилди.
Вилоят ҳокими Китоб ва Яккабоғ туманларидаги сайёр қабуллар натижалари бўйича алоҳида йиғилиш ўтказиб, масалаларнинг ижросини муҳокама этди. Фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъуллар, ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари ахборотлари тингланди.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.