Хабарингиз бор, ҳижрий-қамарий тақвим бўйича ҳозир робиъул аввал ойидир. Бу ой ислом уммати учун энг севимлиларидан саналади. Чунки бу ойда Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари ва ҳабиби, Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Шу боис бу ой "Мавлуд ойи" деб ҳам номланади. Мавлуд - "туғилиш" деган маънони англатади.
Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун оламнинг энг муносиб ўлкаси Арабистон ярим оролини танлади. Бу ўлка қадимий пайғамбарлардан кўпларига ватан эди. Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ алайҳиссалом шу ўлкада ўтган эдилар. Энг муҳими, бу шаҳарда анбиёларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг ёрдамларида Аллоҳ таолонинг амри ила қурган Каъбаи Муаззама бор эди.
Маккадан бир нур зоҳир бўлиб, Шомдаги қасрларни ёритиб юборди. Чунки бутун оламга иймон нурини элтувчи зот дунёга келган эди. Бутлар ларзага тушди. Баъзилари юзтубан ерга йиқилди. Чунки уларни йўқ этгувчи зот дунёга келган эди. Дунёни нурга тўлдирган, бутун мавжудотни бахтга чўмдирган бу улуғ кун робиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанба эди. У зотни боболари Абдулмутталиб "Муҳаммад" деб номлади.
Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг ақлларини мукаммал, муборак ҳаётларини барча инсоният учун ўрнак қилди. Буни биргина қуйидаги воқеа орқали билсак ҳам бўлади.
Қурайш аҳли Каъбани қайта қуриб бўлганидан сўнг қора тошни ўрнига ким қўйиши хусусида тортишиб қоладилар. Ҳар бир қабила ўзи қора тошни кўтариб, ўрнига қўйишни хоҳлар эди. Бу билан қора тошни ўз ўрнига биз қўйганмиз, деган ғурур ва ифтихорга эга бўлган бўлардилар. Уларнинг ихтилофи кучайиб, орада уруш чиқиш хавфи ҳам пайдо бўлади. Шунда барчалари уларнинг олдига биринчи кириб келган киши нима деса, шуни қилишга келишиб олдилар. Ўшанда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб уларнинг олдига кириб бордилар. Бундан ҳаммалари ҳурсанд бўлиб, бир овоздан: "Бу Амин, бу Муҳаммад! Биз унинг ҳукмига розимиз!" дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига етиб келганларида, бўлган воқеа айтиб берилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мато келтирилишини сўрадилар. Муборак қўллари билан қора тошни олиб матога қўйдилар ва ҳар бир қабиланинг раҳбари матонинг бир учидан ушлаб кўтаришини сўрадилар. Улар қора тошни ўз ўрнига олиб боришди. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна тошни ўз қўллари билан олиб, уни ўз ўрнига қўйдилар. Шу билан ҳамманинг кўнгли хотиржам бўлди ва фитна олови ҳам ўчди. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг бутун дунё халқларини сулҳга ва тинчликка бошлашларининг муқаддимаси эди.
Муҳаммад алайҳиссалом ислом дини орқали башариятни ислоҳ қилиш, тўғри йўлга бошлаш, уйғотиш ва ривожлантиришда беқиёс ҳисса қўшдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга пок ва равшан тавҳид ақийдаси туҳфа қилдилар. Инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигини эълон қилдилар. Умидсизлик ва шумланишга қарши кураш ва инсонда орзу-умидни, ўзига ишонч руҳини тирилтирдилар. Дин ва дунёни жамлаш, тарқоқ сафларни ҳамда тижорий жамоатларни бирлаштирдилар. У зот инсонни ўзига яраша жойга қўйиб, унга куч-қувватини ва имкониятларини энг тўғри ва фойдали равишда сарфлашни ўргатдилар. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келганларидан кейин ислом туфайли олам худди об-ҳаво ўзгаргандек бутунлай ўзгариб кетди.
Муҳаммад алайҳиссалом оламларга раҳмат пайғамбар бўлдилар. У зот инсонларнинг энг буюги, ҳам нотиқ, ҳам даъватчи, сиёсатчи, жангчи, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом (раҳбар), давлат арбоби эдилар. У зотга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди!
Пайғамбар алайҳиссалом бутун пайғамбарликлари даврида уммат қайғуси билан яшадилар, умматни ҳақ йўлга бошладилар. Ҳатто жонлари чиқаётганда ҳам умматларини ўйладилар. Имом Табароний шундай ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим онларида Жаброил алайҳиссаломдан: "Мендан сўнг умматимнинг аҳволи нима бўлади?" деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга ваҳий этди: Ҳабибимга хушхабар бер, уммати ичида уни уялтирмайман. Ҳашр кунида у қабрдан энг олдин чиқадиганлардан бўлади ва маҳшаргоҳда тўпланганларнинг саййиди қилинади. То унинг уммати кирмагунича бошқа умматларга жаннатга кириш ҳаромдир". "Ана энди кўзим қувончга тўлди", дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам".
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?", деб сўрашди. У зот эса: "Биродарларимни соғиндим!", деб жавоб бердилар. Саҳобалар: "Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?", дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: "Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга имон келтирадилар!", дедилар.
Ана шундай умматига меҳрибон зотга салавот айтишда мўминлар учун улкан нажот ва Аллоҳ таолонинг мислсиз ажру мукофотлари бор. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Эй иймон келтирганлар! Унга саловот айтинг ва салом йўлланг" (Азҳоб сураси, 56-оят).
Унутмаслик керакки, мавлуд ойи пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада қаттиқроқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, янада кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш ойидир.
Азамат УСМОНОВ,
Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси