Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Оламшумул ислоҳотлар натижалари истиқлол моҳиятини янада ёрқинроқ очиб беряпти

15.08.2024


Оламшумул ислоҳотлар натижалари истиқлол моҳиятини янада ёрқинроқ очиб беряпти

Файзулла ЮСУПОВ,

Чироқчи тумани ҳокими

Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!

Буюк ва бебаҳо неъмат - мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамиятини биз йиллар ўтиши билан тобора чуқурроқ англаяпмиз. Ўтган 33 йил давомида юртимизда, унинг ҳар бир гўшасида, одамлар ҳаётида бўлган ўзгаришлар, юксалишлар истиқлол, халқ қўлга киритган эркинликнинг моҳиятини англаш учун етарли бўлди, шубҳасиз.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ўтган даврга яна бир қайта назар ташлаб, шу юртнинг бир бўлаги, одамлари меҳнаткаш, тобора қиёфаси замонавийлик касб этиб бораётган Чироқчи тумани мисолида айрим мулоҳазаларимни айтмоқчиман.

Бу ҳудудда яшовчи аҳоли чорвачиликда моҳир, деҳқончиликда тажрибали эканлиги барчага маълум. Мустақиллик йилларида эса чироқчиликлар ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш каби бошқа соҳаларда ҳам уқувли эканликларини намоён этди. Туманда минглаб корхоналар, бизнес субъектлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари муваффақиятли фаолият кўрсатаётгани, тиббиёт, таълим сифати ортиб бораётгани, аҳолининг уй-жой, дам олиш шароитлари яхшилангани ана шунинг натижаси, одамларнинг фаровон ҳаётга интилишга рағбатининг ошганлиги самараси десак, муболаға эмас.        

Чироқчи кўпмиллатли туман, 270 минг нафардан ортиқ аҳоли ҳудудда тинч-тотув, бугунидан рози, эртанги кунга улкан ишонч билан умргузаронлик қиляпти. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижалари бугун улар ҳаётида ҳам яққол ўз ифодасини топмоқда.

Буни туман миқёсида эришилаётган иқтисодий кўрсаткичлар, бажарилаётган ишлар мисолида ҳам тасдиқлашимиз мумкин. Мисол учун, 2024 йилнинг биринчи ярим йилида ҳудудда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 482 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 105,8 фоиз ўсишга эришилди. Инвестиция дастурига асосан ҳудудий лойиҳалар доирасида 19,7 миллион доллар хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиб, бу борадаги кўрсаткич ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 689 фоиз ўсди, пировардида 12  та лойиҳа ишга туширилиб, 101 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, айтилаётган даврда амалга оширилган экспорт ҳажми  2,2  миллион долларни ташкил этиб, 40 фоиз ўсишга эришилди.

Албатта, бу рақамларни муттасил ошириб  бориш учун туманда салоҳият етарли. Ана шу  имкониятни тўла ишга солиш ҳақида ўйлар эканмиз, ҳудудда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш энг муҳим масала сифатида кун тартибида туради.    

Тижорат банклари томонидан қатор тадбиркорлик субъектлари ва бизнес бошламоқчи бўлган фуқароларга умумий ҳисобда 56 миллиард сўмдан ошиқ кредитлар ажратилгани шу йўналишда олиб борилаётган ишлар самараси десак, хато бўлмайди. Бунинг натижасида 466 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 1864 та янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш мақсадида 190 та тадбиркорлик субъектига 18 миллиард 700 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар берилгани, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар сотиб олиш бўйича 968 нафар фуқарога 4 миллиард 800 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратилгани ҳам кўпчилик бандлигини таъминлаш билан бирга, туман иқтисодий юксалишига ҳисса бўлиб қўшилиши муқаррар.

Маълумки, аҳоли бандлигини таъминлаш, улар учун доимий даромад манбаини яратиш муҳим масала. Бу борада ҳам манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган даврда жойларда 14 марта "Бўш иш ўринлари" меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, 630 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланган бўлса, 560 нафар фуқаро касб-ҳунар марказларида ўқитилди. Шунингдек, 210 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилди.

Бу борада "Аёллар дафтари"га киритилган 5 минг 179 нафар, "Ёшлар дафтари"да турган 973 нафар ёшларга турли йўналишларда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Жумладан, охирги олти ойда 150 нафар хотин-қиз субсидия асосида тикув машиналари ҳамда бошқа меҳнат қуроллари билан таъминланган бўлса, 95 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилиб, уларнинг турли соҳаларда тадбиркорлик фаолиятини бошлашларига эришилди. 458 нафар иш билан банд бўлмаган ва меҳнат миграциясидан қайтган ёшга 258 гектар ер майдонлари биркитилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, улар даромадларини кўпайтириш учун деҳқончилик ерларидан унумли фойдаланишга бугун катта имконият сифатида қаралаётгани бежиз эмас. Кўпчилик шу йўналишдаги фаолиятини ривожлантириб, муваффақият қозонаётгани ҳам бор гап. Шуни инобатга олиб, туманда фойдаланишдан чиқиб кетган 685 гектар деҳқончилик ерлари қайта фойдаланишга киритилган бўлса, 156 гектар лалми майдонлар ўзлаштирилиб, боғлар ташкил этилди. Шунингдек, сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида 125 километр ирригация тармоқлари бетонлаштирилган бўлса, 662 гектар ер майдонларида томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилиши натижасида сув сарфини 50 фоизга камайтиришга эришилди.

Айтадиларки, инсон ўзгарса, бутун жамият ўзгаради. Бунга эришиш учун эса аввало ёшларнинг сифатли таълим олишига шароитлар ҳозирлашимиз керак. Бугун тумандаги 5 та мактабда 40 миллиард сўмлик қурилиш таъмирлаш ва реконструкция ишлари бажарилаётгани замирида ҳам ана шу мужда мужассам.

Умуман, туманда бунёдкорлик, қурилиш, ободонлаштириш, кўкламзорлаштириш ишлари қамрови жуда кенг. Маҳаллаларда ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви қувурлари, янги электр линиялари тортиш, кўприклар, саломатлик йўлаклари қуриш, тиббиёт ташкилотларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, жадал бунёд этилаётган замонавий турар жойлар аҳоли кайфиятини кўтармоқда. Бинобарин, бу ўзгаришлар бевосита уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Йил бошида 5 та кўп қаватли уйдаги 152 та янги хонадонга кўчиб ўтган турар жойга эҳтиёжи бор оилалар қувончига шерик бўлгандик. Йил якунигача эса яна 313 та хонадонни аҳоли вакилларига топширишни режалаштирганмиз.

Хуллас, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: "Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди". Ана шу мақсадда юртимизда амалга оширилаётган оламшумул ислоҳотлар натижалари чироқчиликлар ҳаётида ҳам тўкис ўз ифодасини топиши учун бор билим ва имкониятларимизни ишга солиб, куч-ғайрат билан ҳаракат қиламиз.

Report typo