Муносабат
Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига тақдим этган Мурожаатномаси миллионлаб инсонлар диққат марказида турибди.
Одатда бу каби маърузаларда ижтимоий соҳага нисбатан охирги масалалар қаторида эътибор қаратиларди. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда истиқболларини белгилаб берган навбатдаги Мурожаатнома олдингиларидан асосида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим, илм-фанга эътибор масаласи ётгани билан тубдан фарқланади. Таълим масаласи тараққиётга эришишнинг энг муҳим омили сифатида маърузанинг барча қисмларини узвий боғлайди. Мурожаатноманинг кульминациясини ҳам айнан таълим масаласи ташкил этади: "Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз.
Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача - таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик.
Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади".
Бугунги кунда дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги тараққиёт асосида таълим, тарбия, илм-фанга бўлган муносабат ётгани қайта-қайта эътироф этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, узлуксиз таълимнинг мактабгача таълимдан олий ва ундан кейинги таълим босқичларига қадар такомиллаштиришга доир қатор ислоҳотлари, таълим ва тарбия интеграциясини таъминлаш билан боғлиқ илгари сурган бешта муҳим ташаббусларининг барчасидан кўзланган ягона мақсад Мурожаатномада аниқ ифодасини топди: "Ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак".
Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб 2020 йил - Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб номланди.
Мазкур тарихий йиғинда мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш бўйича барча соҳалар бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Хусусан, таълим соҳасини ислоҳ этиш билан боғлиқ устувор мақсадлар белгилаб берилди.
Ўз навбатида таълим соҳасида катта кўламли ишларни амалга ошириш учун бошқа жабҳалар, жумладан, иқтисодиётда ҳам кенг қамровли ўзгаришлар олиб борилади. Ислоҳотларга тўсиқ бўладиган омилларга барҳам бериш, жумладан, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантириш билан боғлиқ масалалар кун тартибига қўйилди.
Хуллас, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдинда бизни улкан вазифалар, катта имкониятлар кутмоқда. Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, ўз зиммамизга юкланган вазифамизни виждонан бажарсак, халқимиз турмуш тарзи юксалади, "буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқ" эканимизни яна бир бора исботлаймиз.
Б.БАҲРИДДИНОВА,
Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати