Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

12.02.2019


ОЛИЙ ҲАРБИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИГА НОМЗОДЛАР ҚАНДАЙ САРАЛАНАДИ?

Айни пайтда мазкур ҳарбий олий таълим муассасаларига  киришга номзодларни қабул қилиш ишлари бошланган. Жараён 1 апрелга қадар давом этади.

Хўш, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагидаги номзодлар қандай тайёргарликларга эга бўлиши лозим? Танлов шартлари нималардан иборат?  Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бўлим бошлиғи  Фахриддин Ҳусенов бу борада қуйидагиларни маълум қилди.

Қачон ва кимга мурожаат этиш керак?

- Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришни хоҳлаган фуқаролар ўзларининг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича бўлимларга тегишли тартибда ариза билан, ҳарбий хизматчилар ўз хизмат ўташ жойига билдирги билан мурожаат қилади.

Номзодларга қандай талаблар қўйилади?

- Ҳарбий олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун 17 ёшдан 21 ёшгача бўлган, шунингдек, ҳужжат топширган йили 17 ёшга тўладиган мамлакатимиз фуқаролари номзод бўлади. Шунингдек, бундай муассасаларда ўқиш истагини билдирган 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонига эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар, яъни муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқаролар ҳужжат топшириши мумкин.

Танлов шартлари қандай?

- Мудофаа вазирлиги тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни танлаб олиш белгиланган тартиб бўйича босқичма-босқич амалга оширилади.

Бунда номзодлар дастлаб тиббий кўрикдан, сўнгра касбий-руҳий ва жисмоний тайёргарлик бўйича синовдан ўтказилади.

Жисмоний қобилиятларининг баҳоси қуйидаги параметрлар бўйича аниқланади:

- куч (8-12 маротаба турникда тортилиш);

- чидамлилик (крос - 3000 метрга 12,40 - 14 дақиқада келиш);

- тезлик (югуриш - 100 метрга 14-15 секундда келиш).

Номзодлар ушбу синов босқичларидан ўтганидан сўнг, 10 июль куни математика, физика ҳамда она тили ва адабиёт фанларидан тест синовларини топширади. Етарли балл тўплаган номзодлар олий ҳарбий таълим муассасасига қабул қилинади.

Ўз ўрнида эслатиб кетишим керакки, ҳозирги кунда Тошкент тиббиёт академияси қошидаги ҳарбий-тиббиёт факультети ҳам фаолият кўрсатмоқда. Ушбу факультетга номзодлар фақат Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультети 5-курсини битирган талабалар орасидан танлаб олинади.

Кимлар имтиёзга эга?

- Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига киришга номзодларга қуйидаги тартибда имтиёзлар берилади:

- муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқароларга тест имтиҳонларида тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этилади;

- "Илғор сержант" танлови республика босқичи ғолиблари бўлган сержантлар тест синовлари топширмасдан ўқишга қабул қилинади;

- сержантлар таркиби лавозимларида 5 йил бенуқсон хизмат қилган сержантларга олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга қабул қилишда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча баллар қўшиш шаклида имтиёз берилади;

- республика ҳарбий академик лицейлари битирувчиларига олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга қабул қилишда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиш шаклида имтиёз берилади;

- агар номзод бир вақтнинг ўзида юқоридаги имтиёзларга эга бўлса, улар томонидан тўпланган баллар йиғиндисига имтиёзлар бўйича энг юқори балл қўшилади;

- хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари тиббий текширув натижаларига ҳамда тегишли вазирлик ва идора раҳбарининг тавсиясига асосан олий ҳарбий таълим муассасасига тест синовларисиз қабул қилинади;

- халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари тиббий кўрик, касбий-руҳий ва жисмоний тайёргарлик бўйича синовлардан ўтган тақдирда, тегишли олий ҳарбий таълим муассасаларига мутахассислик йўналишининг асосий фанига мувофиқлиги бўйича тест синовларисиз қабул қилинадилар.

Ж.БОЙМУРОДОВ тайёрлади.

Report typo