Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси: 14 МАСАЛА, 4 ТА ҚОНУН МУҲОКАМАСИ

Абдушукур ОМОНОВ

24.02.2017


Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси: 14 МАСАЛА, 4 ТА ҚОНУН МУҲОКАМАСИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  палаталарининг назорат қилиш борасидаги ваколатларини кенгайтириш масаласи бугун долзарб бўлиб қолмоқда. Зеро, парламент халқ томонидан ваколат берилган давлат ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Парламентнинг назорат функцияларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига янги қоидалар киритилди. Мазкур тузатишлар эса “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш учун ҳуқуқий замин  яратди.

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган, 2016 йил 10 март куни қабул қилинган мазкур қонун Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида маъқулланди. 27 моддадан иборат ушбу қонуннинг мақсади парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни қонунчилик йўли билан тартибга солишдир.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Қонунчилик палатаси, унинг қўмита ва комиссиялари, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари ва депутатлари, Олий Мажлис Сенати ҳамда Сенат қўмита ва комиссиялари, сенаторлар ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили парламент назорати субъектлари ҳисобланади. Конституция ва қонунларни, Олий Мажлис палаталари ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолияти парламент назоратининг объекти ҳисобланади.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, суриштирув ва тергов органлари, судлар иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, ижро ишини юритиш, нотариал иш юритиш материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият, махсус ваколатли давлат органларининг тезкор-қидирув фаолияти парламент назорати объекти бўлиши мумкин эмаслиги қонунда қайд этилди.

Қонуннинг 20-моддасида парламент назорати натижалари белгиланди. Парламент назорати натижалари бўйича назорат субъектлари ўз ваколатлари доирасида ҳукумат аъзосини истеъфога чиқариш ҳақида Президентга таклиф киритиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига    таклиф ва тавсиялар киритиш, назорат материалларини ваколатли органларга юбориш, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳақида таклиф киритиш, янги қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш каби ваколатларга эга. Шунингдек, қонунда парламент назорати субъектлари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг мажбуриятлари ҳам белгиланган.

Мазкур қонунда Олий Мажлис палаталари томонидан Сенатнинг прокуратура органлари фаолиятини назорат қилувчи комиссиясини тузиш назарда тутилган. Шу сабабли Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг бу борадаги қўшма қарори қабул қилиниб, ялпи мажлисда мазкур қарор тасдиқланди. Шунингдек, комиссия аъзолари сенаторлар орасидан 15 кишидан иборат таркибда, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан бир аъзодан сайланди. Комиссия аъзолари орасидан сайланган раис комиссияга раҳбарлик қилади. Комиссия фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлаш учун Сенат девони таркибида беш нафар бошқарув ходимидан иборат комиссия котибияти ташкил этилди.

Прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиянинг асосий вазифаси этиб, прокуратура органлари фаолияти, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича улар зиммасига юклатилган вазифалар бажарилишининг самарадорлиги устидан доимий парламент назоратини амалга ошириш, прокуратура органлари фаолиятида мунтазам учрайдиган камчиликлар ва ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ўрганиш ва умумлаштириш, прокуратура органлари фаолиятини тартибга солиб турувчи қонун ҳужжатларини, шунингдек, уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва иш усулларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиши белгиланди.

Шу ўринда комиссия текширувлар, тафтишлар, суриштирувлар ва дастлабки терговга тааллуқли аниқ ишлар ҳамда материалларнинг, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишларининг кўриб чиқилиши ҳамда ҳал этилиши жараёнини ўрганиш, тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилишига аралашиш, шу жумладан, тезкор-қидирувга оид маълумотлар ва материалларни сўраб олишга, юридик ва жисмоний шахсларнинг прокуратура органлари ходимлари устидан тушган мурожаатларни мазмунан кўриб чиқишга ҳақли эмаслиги белгиланганини таъкидлаб ўтиш лозим.

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам маъқулланди. Мазкур қонун Ўзбекистон Республикасининг 17 та қонунига ва 7 та кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи 26 та моддадан иборат. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларни ташқаридан молиялаштириш масалалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг хорижий мамлакатларга сафарлари билан боғлиқ муносабатларини тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Банк сири тўғрисида”ги ҳамда “Ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартишлар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига  киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларга биноан эндиликда акциядорлик жамиятининг устав капитали қўшимча акцияларни чиқариш ва жойлаштириш йўли билан амалга оширилади, акциядорларнинг дивидендларни олишга бўлган тенг ҳуқуқларига риоя этилган ҳолда дивидендларни тўлаш имкони бўлади. Шунингдек, хусусий акциядорларнинг камида учдан икки қисмининг розилигисиз солиққа оид ёки давлат олдидаги бошқа қарздорлик ҳисобига устав капиталидаги давлат улушини шакллантириш тақиқланди, акциядорларнинг бири жамият акцияларининг 50 ва ундан ортиқ фоизи эгасига айланган бўлса, бошқа акциядорлар ўз акцияларини бозор қиймати бўйича унга сотиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган ўзгартишларга биноан мамлакатимиз ҳудудига жисмонан ишлатиб бўлинган ва маънан эскирган технологик асбоб-ускуналарни олиб кирганлик, давлатимиз манфаатларига хилоф равишда битимлар тузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Фоҳишахоналар ташкил этиш ва сақлаш учун жавобгарлик чораларини янада такомиллаштириш, шунингдек, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси янги таҳрирда баён этилмоқда.

Ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида ҳаво    кемасига лазер нурини йўналтириш орқали унга халақит берганлик учун тегишли равишда жиноий ва маъмурий жавобгарликни белгиловчи янги моддалар билан тўлдирилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги умумий асосларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини олиш учун талаб қилинадиган минимал иш стажи беш йилдан етти йилга оширилди.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 6261-модда билан тўлдирилиб, унга мувофиқ уй-жойни текинга фойдаланишга бериш шартномасининг мажбурий ёзма шакли жорий этилиб, шартнома нотариал тарзда тасдиқлатилиши назарда тутилди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси янги 1601-модда билан тўлдирилиб, унда эгасиз турар жойларни аниқлаш, ҳисобга олиш ва давлат мулкига ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Ажнабий фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборишга олиб келадиган ҳуқуқбузарликларга қарши чоралар доирасини кенгайтириш мақсадида     Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги   кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, терроризмга қарши курашиш чора-тадбирлари  самарадорлигини ошириш, террорчиликка оид жиноятларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги ва “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар, қабул қилинган қарорлар, қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар жамиятимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизнинг янада ривожланишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Навбатдаги асосий вазифа эса кенг жамоатчилик қонунларимизга киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларни чуқур англаши ва уларнинг амалиётда қўлланилишига эришишдан иборатдир.

Абдушукур ОМОНОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Report typo