Энди олий таълим тизимида қўпол, тамагир, замон талабларига мос тарзда дарс бера олмайдиган ва ўз устида ишламайдиган ўқитувчига ўрин йўқ.
Буни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтига янги ректор тайинланиши муносабати билан ўтказилган йиғилишда таъкидлади, дея маълум қилади ҚМИИ ахборот хизмати.
- Биз кадрлар салоҳиятини оширишга интилаяпмиз, изланаяпмиз ва бу борада ҳар қандай тўсиқни олиб ташлаймиз, ривожланишни орқага тортадиган педагоглардан эса воз кечамиз, - деди вазир институт жамоасига янги тайинланган ректор, физика-математика фанлари номзоди, доцент Орифжон Шадиевич Базаровни таништириш чоғида.
Маълумки, аввал Халқ таълими вазирлигининг халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази директори ўринбосари вазифасида ишлаган Орифжон Базаров мамлакат ҳукуматининг шу йил 14 февралдаги қарори билан ҚМИИ ректори этиб тайинланган, Н.Н.Махмудов эса ушбу лавозимдан озод қилинган эди. Шунингдек, мазкур ҳужжатга асосан юртимиздаги яна 9 та олий таълим муассасаси ректорлари лавозимларга тайинланди.
Йиғилишда Олий ва ўрта махсус таълим вазири сўнгги уч йил давомида мамлакатимизда мазкур тизимни ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, яратиб берилаётган шароитлар ҳақида гапирар экан, ҚМИИда бу борадаги фаолият қониқарли эмаслигини айтиб ўтди.
Шундан келиб чиқиб, янги ректорга Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва шу йил 31 январь куни олимлар, ёш тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашувда кўтарилган масалалар юзасидан дастур тузиш вазифаси топширилди. Ушбу дастурдан, албатта, ҚМИИда таълим сифатини яхшилаш, илмий салоҳиятни ошириш ва коррупцияга қарши кураш каби долзарб йўналишлар ўрин олиши лозимлиги уқтирилди.
Ўз мухбиримиз