Премьера
Вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Қаҳрамони, фидойи ва фахрий педагог Муҳаббат Шарапова ҳаёт йўли ва меҳнат фаолиятига бағишланган "Муҳаббат" лирик драмаси премьераси бўлиб ўтди.
Одатда театрларда тилга тушган пьесалар саҳналаштирилади. Орамиздаги одамлар ҳақида спектакль қўйилиши камдан-кам учрайди. Муҳаббат Шарапова шундай ташаббусга арзийдиган инсон.
Шу ўринда айтиб ўтайлик: Муҳаббат Шарапова 1949 йилда Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. 1971 йили Самарқанд давлат университетини тугатиб, ўзи таҳсил олган 5-мактабда ўқитувчилик фаолиятини бошлаган. Тезда билимдон математик сифатида тилга тушган.
Муаллима вилоятда биринчи бўлиб болалар учун математикадан қўлланмалар ёзди. "Математика бўйича тест саволларининг ечимлари", "5-синф учун математика дарсига илова", "7-синф учун геометрия фанидан ўтказиладиган ноанъанавий дарс", "Математика чуқур ўргатиладиган синфларда 9- ва 11-синф битирувчилари учун математикадан қўшимча топшириқ материаллари" каби ўнлаб қўлланма ва рисолалари дунё юзини кўрди. Унинг ўқувчилари 22 марта республика олимпиадасида, 9 марта халқаро танловларда ғолиб бўлишган.
Муаллиманинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати сифатида жамиятдаги фаоллиги ҳам алоҳида эътиборга молик.
Муҳаббат Шарапова 1991 йили "Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси" нишони, 1996 йили "Меҳнат шуҳрати" ордени, 2007 йили "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими", 2016 йили энг олий эътироф - "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан тақдирланган.
"Муҳаббат" спектакли сценарийсини драматург Шодия Худойназарова ёзган, саҳналаштирувчи режиссёр - Фарҳод Бойназаров. Ролларни вилоят театрининг актёр ва актрисалари ижро этишган.
Премьерада қатнашган педагог-ходимлар, зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари самимий инсон ва моҳир педагог ҳақидаги тасаввурларини янада бойитишди.
Б.САЙФИЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.
