Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида РАЖАБОВА

10.02.2017


ОЛИМА АЁЛЛАР АНЖУМАНИ

Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Хотин-қизлар “Олима” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, турли соҳаларда фаолият олиб бораётган фаол хотин-қизлар иштирок этди.

Конференцияда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори, Ўзбекистон Хотин-қизлар “Олима” уюшмаси раиси Р.Муртозаеванинг “Аёл илмий салоҳиятининг  юксалтирилиши – замон талаби”, шу университет доценти Л.Муҳаммаджонованинг “Баркамол шахсга ахлоқий қадриятларни  сингдиришда аёлнинг ўрни”, Республика маънавият тарғибот маркази ходими Б.Унгбаеванинг “Миллатга эҳтиром – аёлга эҳтиром”, Тошкент тиббиёт академияси доценти Л.Абдуқодированинг “Болалар саломатлигини мустаҳкамлаш бебаҳо бахт”, республика саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали директори Ш.Набиеванинг “Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга қаратилган ишларни такомиллаштириш”, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти профессори, “Олима” уюшмаси вилоят бўлими раиси Ю.Эргашеванинг “Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда соғлом авлодга қаратилган давлат сиёсати” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Маърузаларда таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни тобора ошиб бормоқда. Ўзбекистон олима аёллари орасида 6 нафар академик, 514 нафар фан доктори, 4 минг 780 нафар фан номзоди борлиги албатта фахр билан тилга олинади. Мустақиллик йилларида ёш олималар сафи кенгайди.

Тадбирда, шунингдек, ёш тадқиқотчи олималарнинг илмий изланишлари самаралари билан танишилди. Хусусан, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти магистранти С.Мадарованинг “Иссиқлик насосли комбинациялашган “қуритиш-совитиш” камераси”, шу институт талабаси М.Турдиеванинг “Ривоят ва ҳикматларнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни”  каби ишлари алоҳида эътироф этилди.

Илмий-амалий конференция қатнашчилари қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашиб, янги қиёфа касб этган Шаҳрисабзда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва қайта қуриш ишлари билан яқиндан танишдилар.

Хуршида РАЖАБОВА

Report typo