АҚШдаги Массачусетс технология институти (МТИ) тадқиқотчилари "рақамли абадийлик" технологияси устида ишламоқда, деб ёзади The Times нашри. Олимлар сунъий идрокни улар каби ўзини тутиш ва мулоқот қилишга ўргатиш учун бир қатор субъектларнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишларини таҳлил қилиш ниятида.
Айтилишича, "Тўлдирилган абадийлик" номини олган тадқиқотда 25 нафар кўнгилли, жумладан, давоси йўқ касалликка чалинган беморлар иштирок этади. Илмий тажриба субъектлари ўзларининг олимлар томонидан яратилажак рақамли нусхалари ўлимидан сўнг улар меросини сақлаб қолишига, шунингдек, яқинларига бироз таскин ҳадя қилишига умид қилишган. Бундан ташқари, иштирокчилар орасида ўзи тўплаган бой тажрибани келажак авлодларга етказишни хоҳлаган юқори малакали мутахассислар ҳам бор.
Ҳозирча МТИ олимлари ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар сунъий идрокка аниқ бир шахс каби мулоқот олиб боришни зарур даражада "ўргата" олмаслигига иқрор бўлишган, бироқ келгусида "рақамли абадийлик" технологияси янада мукаммаллашишига умид қилишмоқда.