Энг муҳими, “Кичик Олимпиада” дея ном олган бу мусобақалар халқаро Олимпиада талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилаётгани ёш спортчиларимизнинг нуфузли мусобақаларга тайёр бўлиб боришида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Шаҳрисабз туманилик ёш енгил атлетикачи Мирсаид Бухоров ҳам ана шундай истеъдодли спортчилардан бири саналади. У жорий йил Жиззах шаҳрида ўтказилган “Баркамол авлод-2017” мусобақасида 3 минг метрга югуришда барча тенгқурларидан устун келиб, биринчи ўринни эгаллаган бўлса, 1500 метрга югуришда кумуш медалга эга чиқди.
- Ҳақиқатан “Баркамол авлод-2017” мусобақаларига кучли спортчилар келган экан. Буни мусобақа давомида ҳис қилдим. Аммо саросимага тушмадим. Мураббийим ўргатган билим ва кўникма ҳамда шахсий тажрибамни ишга солдим. Натижада мақсадимга эришдим.
Маълумки, енгил атлетикага кўплаб спорт турлари, жумладан, югуриш, узоқликка сакраш, найза ва диск улоқтириш кабилар киради. Мирсаид енгил атлетиканинг югуриш тури билан 14 ёшидан буён шуғулланиб келмоқда. Гарчи, у енгил атлетика нуқтаи назаридан спортга бироз кеч кириб келган бўлса-да, эришган натижа ва ютуқлари анча салмоқли.
- Илк иштирок этган мусобақам ҳали ҳам ёдимда, - дейди Мирсаид. – Ўшанда жуда ҳам ҳаяжонлангандим. 2014 йилнинг август ойида Навоий вилоятида мамлакатимиздаги барча болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ўқувчилари ўртасида мусобақа ўтказилганди. Мусобақада енгил атлетиканинг югуриш тури бўйича 1500 метрлик марра чизиғига учинчи бўлиб етиб келдим. Бу натижа фаолиятимда катта бурилиш ясади. Бундан кейин фақатгина юқори ўринлар учун курашадиган бўлдим. Машғулотларда тинмай шуғулланадиган, ўз устимда янада кўпроқ ишлайдиган бўлдим.
Шундан сўнг Мирсаид 2015 йили “Умид ниҳоллари” мусобақасида қатнашиб, совриндорлар қаторидан жой эгаллади. Йилдан-йилга, мусобақадан-мусобақага ёш спортчи тоблана борди. Мураббийлари меҳнати, ўзининг тириш-қоқлиги муваффақиятлари калити бўлиб хизмат қилди. Бугунги кунда у ўз ёш тоифасида етти карра мамлакат чемпиони, ўн бор кумуш медаль соҳиби ҳисобланади. Турли мусобақаларда олган медаллари сони эса ўттиздан ошди.
2016 йили Баҳрайннинг Манама шаҳрида 1997-1998 йилларда туғилган ёш спортчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Кучли ўнталикка кирган Мирсаид Бухоров гарчи совринли ўринни эгаллай олмаган бўлса-да, нуфузли мусобақа давомида ўз тажрибасини оширди. Бу кейинчалик спортчининг фаолиятида асқатди.
Жорий йил Андижон шаҳрида 1998-1999 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ташкил этилган Ўзбекистон чемпионатида Мирсаид шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади ва олтин медални қўлга киритди. Шу ўринда айтиш керакки, бу турнирда ғалаба қозонган спортчи олий ўқув юртига кириш имтиҳонисиз қабул қилинарди. Мирсаид эса шоҳсупадан ўрин олиб, мазкур имтиёзга ҳам эга бўлди. Шунингдек, у жорий йилнинг 11-13 июнь кунлари Тошкент шаҳрида катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон очиқ чемпионатида илк бор иштирок этди. Унда Мирсаид Бухоров 5 минг метр масофага югуришда 3-ўринни қўлга киритди. Қайд этиш жоизки, мазкур масофада олтин медални ўтган йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпиада иштирокчиси, пойтахтлик Андрей Петров эгаллади. Мирсаид шундай тажрибали ва маҳоратли енгил атлетикачилар ўртасида ҳам ўзини йўқотмай, бор маҳоратини кўрсатгани аҳамиятли.
Ёш спортчи билан қизғин суҳбатимиз давомида маълум бўлдики, унинг яқин келажакдаги катта орзуси Олимпиада ва жаҳон чемпиони бўлиш экан. “Бу эзгу мақсадга эришиш учун ҳозирдан киришганман” дейди у. Албатта, бугун юртимизда бунинг учун ёш спортчиларга барча шарт-шароитлар яратиб берилган, муҳташам ва замонавий спорт объектлари улар ихтиёрида. Улардан талаб этилаётгани астойдил шуғулланиб, фақатгина ўз истеъдодини намоён этиш, юртимиз довруғини дунёга ёйиш. Энг муҳими, ёшларимиз буни дилдан чуқур ҳис қилишади.
Азизбек НОРОВ