Миллий кураш
Вилоят кураш федерацияси томонидан Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти “Муҳандис” спорт клубида “Кураш олимпия сари: Гендер тенглик” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон кураш федерацияси бош котиби Алишер Эшонқулов, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг кураш федерациялари раҳбарлари, фахрий полвонлари, спортчи қизлари ва мураббиялари иштирок этдилар.
Маълумки, азалдан ушбу вилоятлар полвонлари нафақат юртимизда, балки жаҳонда ўзининг иқтидори, юксак натижалари билан донг таратган. Улар орасида хотин-қизларнинг ҳам муносиб ўрни бор. Косон туманидаги Пўлат Омонқулов ва Чироқчи туманидаги Абдурашид Мирзаев яратган мактабларнинг спортчи қизлари узоқ йиллардан бери миллий кураш, самбо ва дзюдо бўйича кўплаб халқаро мусобақалар ғолиби бўлишмоқда.
-Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунларданоқ миллий спортимизнинг жаҳон миқёсидаги мавқеини ошириш, унинг Олимпиада ўйинлари таркибидан ўрин олиши учун кенг миқёсда тарғибот ишлари олиб борилмоқда, - деди Ўзбекистон кураш федерацияси бош котиби Алишер Эшонқулов. - Келгусида бу мақсадга эришишимизда гендер тенгликнинг таъминланганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сабаби, бирор спорт турини Олимпия дастурига киритилишида ҳам гендер тенглигига алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбир сўнгида ўзбек кураши тарихи акс этган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Абдураззоқ МУРОДОВ