Совуқ кунлар бошланаркан, қишга тараддуд анча фаоллашиб қолади. Айниқса, қишлоқ жойларда ёқилғи масаласи бирламчи масалага айланади. Биров кўмир ғамласа, кимдир қуриган дарахт, шох-шабба излайди. Ҳатто яшнаб ўсиб турган дарахтни кесиб, майдалаб оладиганлар ҳам учраб туради. Айрим кимсалар эса бу ишни асосий даромад манбаига айлантириб олгани ҳам бор гап.
Яқинда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари томонидан Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги ва унга туташ ҳудудларда ўрмон қўриқчилари билан бирга ўтказилган назорат рейд тадбирида шундай ҳолатга дуч келинди.
Бошчорбоғ МФЙ орқали ўтган ички автойўлдан ҳаракатланиб келаётган “ГАЗ 53” русумли юк автомашинаси тўхтатилганда, машина юкхонасида қуриган олма ва табиий ҳолда ўсувчи Зарафшон арча дарахти қуриган танасини бўлаклаб юклаб келаётгани аниқланди. Транспорт воситаси эгаси, Чилгаз маҳалласида яшовчи Ғ.А.дан бу ҳақда сўралганда, у ўрмон ҳудудидаги қуриган дарахтларни ўтин сифатида ишлатиш учун кесганини айтган.
Шунга кўра, тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, фуқаро маъмурий жаримага тортилди.
Шунингдек, мазкур автойўлдан ҳаракатланиб келаётган “Т 28” русумли трактор тўхтатилганда, тиркамага табиий ҳолда ўсувчи Зарафшон арчасининг қуриган танаси бўлаклаб юклаб келинаётгани аниқланди.
Бу фуқаро ҳам чилгазлик бўлиб, у ҳам жарима тўлашига тўғри келди.
Биласиз, жорий йил охирига қадар дарахт кесишга мораторий эълон қилинган. Қуриган дарахтларни қўпориб олиш учун ҳам тегишли рухсатнома талаб қилинади. Белгиланган тартибга амал қилмаганлар эса қонун олдида жавоб беришга мажбур.