"Ўзингиз ўйланг. Шу моддий ёрдамни имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган, муҳтож кишига берганимиз яхши эмасми?! Ахир улар кўпроқ ҳақли. Шундай қилинса, адолатдан бўларди, менимча", деди мутасадди. Аммо онахон бунга унамади, жавобдан кўнгли тўлмади. Начора, унинг мурожаати қаноатлантирилиб, бир марталик моддий ёрдам ажратиладиган бўлди. "Муаммоси" ечим топган ўша онахонни суҳбатга тортдим. Ҳақиқий шароитини билмоқчи бўлдим. Тўғри, ўн икки фарзанд бўлгани билан ҳаммасининг рўзғори бўлак, ўзларидан орттиришмаётгандир.
"Нима қилай, кенжа ўғлим ҳеч қаерда ишламайди. Бу ёқда коммуналдан қарз бўлиб ўтирибмиз. Шунга ёрдам сўрадим-да, болам", дея ўз хатти-ҳаракатини изоҳлади онахон.
Кўраяпсизми, асл муаммо қаерда? Агар шу аёл ишсиз ўғлига иш топиб беришларини сўраганида, бир эмас, кўп муаммолари ўз-ўзидан ҳал бўларди-қўярди. Бунинг ўрнига осони, ҳозир ҳал бўладигани кўрилди.
Буни бежиз эсламадик. Чунки охирги пайтда шундай кайфиятдаги одамлар сони кўпайгандек. Эҳтиёжи ҳаминқадар бўлса-да, давлат менга ёрдам берсин, дейишни ўзларига эп кўришади. Қурби етса-да, ҳаммадан илинж кутади, кўмак сўрайверади. Фақат ўз манфаатини, иши тезроқ битишини ўйлайди, иккиланмай бировга оғирини ташлаб қўяди. Озгина меҳнат қилишдан қочади.
Бир нарса аниқки, боқимандалик асло халқимизга хос фазилат эмас. Ота-боболаримиз берсанг - ейман, урсанг - ўламан, деб яшаб ўрганмаган. Ҳар нарсага ўз кучи, меҳнати билан эришган, боласини ҳам шунга ўргатган. Кези келганда, сабрли, қаноатли бўлишни ҳам билган. Сал ғайрат қилса ечиладиган муаммосини (кўпчиликни қийнаётган масала бўлса, бу бошқа гап) ҳар ёққа кўтариб чопмаган, ҳадеганда дардини бировга дастурхон қилмаган. Орияти, ғурури, ҳамияти бунга йўл қўймаган. Бугун эса баъзида бунинг аксига дуч келаяпмиз.
Мана бир мисол. Бир аёл нуқул Президентнинг виртуал қабулхонасига ёзаркан. Бир гал телевизорим йўқ, деб шикоят қилибди. Бориб ўрганишса, аслида бу фуқаронинг яшаш шароити яхши бўлиб, ночор дейишга тил бормайдиган, деярли барчаси бадастир уйда истиқомат қиларкан. Ҳалиги аёл гап шу - телевизор билан таъминлайсизлар, бўлмаса яна ёзаман, бошқасини билмайман, деб "қўрқитибди". Масъуллар йўлини қилиб, бояги матоҳни олиб беришибди. Кейинги сафар энди совуткичи йўқлигидан нолиб мурожаат йўллаганмиш. Бунда ҳам аёлнинг кўнглидан боришибди. Жуда мазахўрак бўлган, қилган ишидан ғоят илҳомланган, шекилли, йўқ кам-кўстни ҳам айтиб дардиҳол қилишда давом этмоқда.
Ачинарлиси, бугун шунга ўхшаш, бел оғритмай тайёрини олишга ўрганаётган одамлар кўпайиб бораяпти. Ахир ҳамма ҳам эшитаяпти, кўраяпти бундайларни. Меҳнат қилмасдан ҳам яшаса бўларкан, деган фикр шаклланаяпти айрим кишиларда. Табиийки, бу нарсанинг оқибати яхшиликка хизмат қилмайди.
Яна бир ҳолат. Бироз аввал ижтимоий тармоқларда бир хабар тарқалди. Қарши шаҳри Қўрғонча маҳалласида яшовчи Н.Бозорова исмли аёл уй-жойга муҳтожлиги, унинг бу борада қилган мурожаати қаноатлантирилмай қолаётгани ҳақида сўз боради.
Хўш, аслида вазият қандай бўлган? Фуқаронинг эътирози қанчалик ўринли?
Бевосита бу муаммога юзланишдан аввал юртимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини, айниқса, ногиронлиги бор шахсларни, хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш масаласига тўхталсак. Айни пайтда бу йўналишда юритилаётган сиёсат қай даражада экани барчага маълум. Шу кунгача мамлакатимиздаги қанчадан-қанча муҳтож инсонларга ижтимоий ёрдам қўли чўзилгани, уларга барча қулайлиги бор уй-жойлар берилгани ҳақида кўриб, ОАВ орқали хабардор бўлиб турибмиз. Бундай одамларнинг қувончига бевосита шерик бўлганлар ҳам талайгина.
Биргина Қарши шаҳри мисолида олсак, охирги икки йилда кўплаб эҳтиёжманд оилалар қўналғали, уйли бўлди. Шайхали ва Кат маҳаллалари ҳудудида кўркам турар жойлар фойдаланишга топширилди. Шу уйлардан хонадон олган бир оилани биламан. Бу оила узоқ йиллар ноиложликдан оғир шароитда дала шийпонида кун кечириб келган. Оила бошлиғининг уй-жой қилишга қурби етмаган. Бошқа бир оила эса кўп йиллар ижарама-ижара кўчиб юришга маҳкум бўлган. Ушбу хонадонлар ҳақиқий муҳтожлар, ногиронлиги бор шахслар, ночор хотин-қизларга берилди, десак тўғри бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли қарори эса бу борадаги давлат сиёсатининг мантиқий давоми бўлди. Мазкур қарор билан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уйлар бериш тартиби белгиланди.
Қарор талабини бажариш мақсадида Қарши шаҳрида ҳам зарур ишлар амалга оширилаяпти. Ҳокимликдаги тегишли комиссияга ҳозиргача аҳолидан 350 дан зиёд ариза келиб тушган. Шулар орасида Н.Бозорованинг мурожаати ҳам бор. Қарор билан тасдиқланган Низомда ҳам алоҳида қайд этилган: маълум ижтимоий мезонларга мос келувчи фуқароларгагина арзон уй-жой билан таъминлашда устуворлик берилади.
Шу талабдан келиб чиқиб, ариза берувчи - Н.Бозорованинг аҳволи ҳам тегишли комиссия томонидан ўрганилган. 2019 йил 14 мартда тузилган далолатномага асосан қуйидагилар аниқланган: фуқаронинг ногиронлиги бор. Турмуш ўртоғи ҳозирда қамоқ жазосини ўтаяпти. Қарамоғида 3 нафар фарзанди бор, икки нафари вояга етган.
Шундай бўлса-да, баъзи омилларни эътиборга олиб, комиссия Н.Бозоровага арзон уй-жой олишда тавсия беришни рад этган.
Чунки Низомга мувофиқ, бунда ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги ва турар жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз жойда яшаши; бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши; кўп болали (уч ва ундан ортиқ); ариза берувчи оиласининг даромади; кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган аёллар (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумоти асосида); биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар кабилар инобатга олинади.
Н.Бозорованиинг ҳолати тегишли ижтимоий мезонлар асосида баҳоланганда, маълум бўлдики, бугун у яшаётган уй турмуш ўртоғининг номига расмийлаштирилган. Фуқаро эса эри билан қонуний никоҳда. Кўринадики, Н.Бозорова турар жойга эга. Ўз навбатида уй яшаш учун яроқли, унда лозим шароитлар мавжуд. Икки нафар фарзанди эса аллақачон вояга етган.
Энди бу борада ижобий хулоса олган баъзи фуқаролар аҳволига кўз ташласак. Масалан, Қарши шаҳрилик Л.Ахмедшина ёлғиз она сифатида икки нафар фарзандини тарбиялаб келаяпти. Бир боласи руҳий хаста. Бир неча йилдирки, давлат ётоқхонасидан ажратилган кичик бир хонада ночор шароитда яшайди. Мулк сифатида ўз уйи йўқ. Яна бир фуқаро Н.Зулфиқорованинг аҳволига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Турмуш ўртоғи анча илгари вафот этган. Қаромоғида 2 фарзанди бор. У ҳам ётоқхонада истиқомат қилади. Яшаш шароити абгор.
Қандай хулоса қилиш эса ўзингизга ҳавола. Бу вазиятда кимнинг фойдасига қарор чиқариш мантиқдан, адолатдан, қонунга мос бўлишини англаш учун холис фикр юритиш кифоя назаримизда.
Яна бир жиҳати, фуқаро Н.Бозорованинг ижтимоий тармоқлардаги мурожаатини ўқиган кишида мутасаддилар томонидан бу оилага зарур эътибор қаратилмаган, бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйилган, деган чалғитувчи тасаввур ҳам уйғонади.
Сир эмас, қилинган ишни, ёрдамни айтса, очиқ миннатга ўтади. Майли, шу ёрдамни олган одам эсламасин, лекин шунинг эвазига жавобан бошқаларни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлаётгани, қонунга зид иш қилишни сўраётганини қандай тушуниш керак?!
Ваҳоланки, сўнгги вақтда бу оила тақдирига ҳеч ҳам бефарқ қаралаётгани йўқ. Шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам имкон даражасида барча ёрдам тақдим этилмоқда. Айтишга мажбурмиз, Н.Бозорованинг моддий аҳволи эътиборга олиниб, бир неча бор кўмак кўрсатилган. Маиший техника жиҳози олиб берилган. Тошкентда таҳсил олаётган ўғлининг контракт пули бир қисми тўланган.
Маҳалладан доимий равишда моддий нафақа пули тайинлаб келинаётгани эса алоҳида мавзу. Бундан ташқари, Қарши шаҳар ҳокимининг 2019 йил 24 июндаги қарори билан Н.Бозорованинг ўғли Р.Хусановга Қарши шаҳар Арабхона МФЙ Саройферон кўчасидан якка тартибда уй-жой қуриш учун 200 квадрат метр ер майдони эътироф этиш ҳуқуқисиз берилган. Ер майдони ажратилган ҳудуд марказдан йироқ ҳам эмас, бу ерда аллақачон турар жойлар қурилган, аҳоли яшаяпти. Қолаверса, фуқарога ҳомийлик асосида қурилиш материалларининг бир қисми етказилган. Фақат бунда кишидан озгина меҳнат қилиш, ўзи ҳам бироз жон куйдириши талаб этилади, холос.
Буларни айтиш билан кимнидир ёмонлаб кўрсатиш мақсадини кўзламаганмиз. Балки асл вазиятни холис ифодалаш, ушбу ҳолат бўйича одамларда пайдо бўлган нотўғри тасаввурни аритиш ниятидамиз.
Хулоса ўрнида эса давлат раҳбарининг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирда қилган маърузасидан қуйидаги парчани келтирмоқчимиз: "Афсуски, жамиятимизда ҳанузгача боқимандалик кайфияти бутунлай барҳам топгани йўқ. Барчамиз бир нарсани тушуниб олишимиз керак: яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ".
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ,
Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари