Биргина Қарши тумани мисолида оладиган бўлсак, ҳозирги кунда туманнинг Батош, Чаман ва Боғобод массивлари ҳамда Бешкент шаҳри ҳудудида 88 та 2 қаватли ҳамда 500 та якка тартибдаги арзонлаштирилган уй-жойлар қурилиши олиб борилмоқда. Қурилиш ишларига 70 қурилиш ташкилотлари жалб этилган бўлиб, объектларда уларнинг 2 мингга яқин ишчилари меҳнат қилмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, ишчи-ходимларнинг овқатланиши, дам олиши учун қурилиш майдонларининг ўзида шарт-шароитлар яратилиб, аксарият қурилиш ташкилотлари бу ишни махсус вагонларда ташкил этишган. Бу ортиқча вақт ва маблағ йўқотилишининг олдини олиб, ишнинг тез ва сифатли амалга ошишида муҳим аҳамиятга эга, албатта. Шу билан бир қаторда, вақтинча яшаш учун яратилган бундай шароитлар бир қатор талаблар, жумладан, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига ҳам мос бўлмоғи лозим. Бу ишчиларнинг хавфсизлигини таъминлашда, қурилиш майдонидаги мулкларнинг йўқотилиши олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам туман ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан қурилиш майдонларида бу борада мунтазам равишда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаяпти. Яратилган вақтинчалик яшаш шароитларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига мослиги текширилиб, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айтиб ўтиш ўринлики, айрим қурилиш ташкилотлари томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига масъулиятсизлик билан қаралаётгани ҳолатларини ҳам кузатиш мумкин. Мисол учун, тумандаги Батош массиви ҳудудида қурилиш ишларини олиб бораётган “Чироқчи уй-жой таъмирлаш”, “Стандарт капитал қурилиш таъмир” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Воҳа сайқали” хусусий корхонаси томонидан ишчи-ходимлар учун шарт-шароитлар яратишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаган. Хусусан, “Стандарт капитал қурилиш таъмир” МЧЖ томонидан қурилиш майдонида ўрнатилган вагонларда қўлбола электр печлари ишлатилаётгани, электр симларининг ҳимоя қобиқлари очилиб қолгани, овқат тайёрлаш ўчоқлари ва яшаш вагони ўртасида оралиқ масофа сақланмагани каби ҳолатлар аниқланиб, ушбу камчиликларни жойида бартараф этиш бўйича тегишли тартибда чоралар кўрилди.
Албатта, олов бепарволикни кечирмайди. Битта кўнгилсизлик ҳам катта оқибатларга олиб келишини ҳисобга олсак, ҳар биримиз ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этишимиз шарт.
Жуманиёз ХОЛМОНОВ,
Қарши туман ЁХБ инспектори, сержант