Таъкидлаш жоиз, йилдан-йилга ёнғин хавфсизлиги бўйича тарғибот- ташвиқот ишлари янада кучайтирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада оширишга қаратилган. Ушбу қарор билан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ёнғинлар профилактикаси куни” деб эълон қилинди. Ҳозирги пайтда вилоят ИИБ ЁХБ ходимлари томонидан ҳам профилактика куни тадбирларида аҳоли ўртасида ва меҳнат жамоаларида ёнғин хавфсизлиги бўйича учрашув ва суҳбатлар ўтказиш, йўриқномалар тарқатиш, қишлоқ ва маҳаллаларда хонадонларнинг ёнғинга қарши ҳолатини ўрганиш таҳлили сингари ишлар тизимли равишда олиб борилаяпти. Шунга қарамай, содир бўлаётган ёнғинлар сонининг ошиб бораётганлиги ачинарлидир.
Олти ой давомида келиб чиққан ёнғинларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларимизнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича масъулиятини, кўникмасини янада ошириш лозим. Чунки аксарият ёнғинлар бефарқлик, эътиборсизлик, болаларни қаровсиз қолдириш, кучланишли маиший техникалардан нотўғри фойдаланиш, табиий газ ёки электр таъминотига уланишда мавжуд қоидаларга риоя этмаслик оқибатида юз бермоқда.
Масалан, Қарши шаҳрида фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркор Ш.Бегматовага тегишли савдо дўконида содир бўлган ёнғинга электр тармоғидаги носозлик сабаб бўлган. Яъни, бу ерда фойдаланилаётган электр энергияси қуввати объектни тармоққа улашда ишлатилган мис толали кабеллар қувватидан анча ошиб кетган. Натижада симлар қизиб, ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган.
Шу нарсани ҳам унутмаслик керакки, ёнғин содир бўлган заҳоти ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар берилса, бир қанча кўнгилсизликларнинг олди олиниши, талафот катта бўлмаслиги мумкин. Бунинг учун вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси тизимидаги бўлинмаларда воқеа жойига тезкор етиб бориш ва оловни ўчириш учун барча имкониятлар етарли. Бироқ бунда ҳар бир хонадон, маҳалла ва кўчада ўт ўчириш машиналарининг эркин ҳаракатланиши учун шароит бўлиши керак. Афсуски, ҳозирги кунда кўпчилик кишилар уй ва қўшимча биноларни қуришда ана шу жиҳатга эътибор қаратишмаяпти.
Жорий йилнинг май ойида Қарши шаҳар Араловул маҳалласи Хонобод кўчасида юз берган ёнғин худди ана шу сабабларга кўра катта талафотларни келтириб чиқарди.
Биринчидан, ёнғин содир бўлгач, хонадон соҳиблари ёнғин ўчириш хизматига хабар бериш ўрнига, алангани ўзлари ўчиришга уринишган. Хабар берилгач эса жалб қилинган ёнғин ўчириш экипажлари фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилишлар сабаб воқеа жойига ўз вақтида кириб бора олишмаган. Натижада аланга авж олиб, ушбу кўчадаги тўртта хонадонга катта зарар келтирган.
Айниқса, ёнғинлар оқибатида ёш болаларнинг ҳам жабр кўраётгани, уларнинг ёнғин келиб чиқишига сабабчи бўлиши ҳолатлари ота-оналарни янада огоҳ ва эътиборли бўлишга ундамоғи лозим. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида болалар билан боғлиқ 18 та ёнғин ҳолатлари содир бўлган. Бу ушбу турдаги ёнғинларнинг 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 10 тага камайганини кўрсатса-да, унинг оқибатида турли кўнгилсиз ҳолатларнинг учраши ачинарлидир.
Масалан, Чироқчи тумани Чиял қишлоқ фуқаролар йиғини Сарича қишлоғида яшовчи С.Ҳамраевнинг хонадонида содир бўлган ёнғин оқибатида унинг турмуш ўртоғи билан биргаликда, икки нафар ҳали уч ёшга ҳам тўлмаган фарзандлари жиддий тан жароҳати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига ётқизилган.
Халқимизда “Олов – тилсиз ёв”, “Ўт балосидан сақласин” каби мақоллар мавжуд. Кўпни кўрган кексаларимизнинг бу гаплари замирида оловнинг энг ёмон офатлардан бири эканлиги ифодаланади. У нафақат мол-мулкнинг нобуд бўлиши, балки инсонлар ҳаётига хавф солиши билан ҳам хатарлидир. Шундай экан, фуқароларимиз ўзлари, яқинлари ҳаётини, кўп йиллик меҳнат ва машаққатлар эвазига тикланган уй-жойлари ҳамда мол-мулкларини асраш учун энг аввало ўзлари эътиборли бўлиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишлари зарур.
С.ВАЙИТОВ,
вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, лейтенант