Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

22.02.2017


ОЛТИН ҚЎРҒОН

- Оилани “табиатнинг шоҳ асари” дейишади, - дейди вилоят “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари Замира Маманазарова. - Негаки, инсоният тараққиёти давомида у энг муҳим ижтимоий қурилма, чинакам қадриятга айланган. Зеро, биз ҳеч бир ерда ўзимизни оила даврасидагидай хотиржам, хушбахт сезмаймиз. Ютуқларимиздан энг кўп севиниб, ғурурланадиган ҳам аввало оиламиздагилар. Уларнинг ниятлари, эзгу хизматлари беминнат.

Кузатган бўлсангиз, эндигина улғайиб келаётган фарзандларимиз ҳам оила аъзоларини  дарҳол ажратиб олиб, уларга тақлид қила бошлайди. Оила қанчалар муқаддас маскан экани уларнинг онгига болалигиданоқ муҳрланиб боради. Зеро, муқаддас заминимизда қадимдан миллий урф–одат ва анъаналаримизни ёш авлод онгига сингдиришда, уларни жисмонан баркамол, маънавий етук, меҳр–оқибатли инсонлар қилиб тарбиялашда оила муҳити муҳим ўрин эгаллаб келган.

- Тарихга назар ташласак, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий сингари буюк алломаларимиз ҳам ўз асарларида оила масаласига жуда кенг ўрин бериб, унинг аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабат, бола тарбиясида ота-онанинг роли ҳақида ибратли анъана ва фикрларни баён қилишган, - дейди Замира Маманазарова. - Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби маърифатпарвар зиёлилар баркамол авлодни тарбиялашнинг ягона чораси оила асосларини тўғри қуриш эканини, оилани мустаҳкамламасдан туриб, жамият тараққиётига эришиб бўлмаслигини таъкидлаганлар. Буюк мутафаккир Бедил таърифлаганидек, агар меъмор дастлабки ғиштни тўғри қўймаса, девор юлдузларга етса ҳам қийшиқ бўлиб қолаверади.

Дарҳақиқат, оила қўрғони қанча мустаҳкам, бақувват бўлса, унинг ичидагилар шунчалик бехатардир. Оилавий муносабатлар, эзгу удумлар, ҳикматга бой анъаналар эса олтин қўрғон ичида бебаҳо хазинадир. Бу хазина халқни халқ қилиб турувчи маънавиятимизнинг ўзагини ташкил этади. Оилани эъзозлаш, уни муқаддас деб билиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Шу сабабли ҳам оила муқаддас қўрғондир.

Шу билан бирга, оила миллат келажагининг асоси, эзгу орзу-истаклар жам бўлган маскан экани билан ҳам аҳамиятли. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo