Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

25.07.2024


Омадсиз "тутқун"

Ҳиндистонда шифохона лифтига қамалиб қолган эркак 42 соат давомида сувсиз ва овқатсиз ўтиришига тўғри келди. У бу ҳақда BBC мухбирига гапириб берган.

Гап шундаки, Керала штатида яшовчи 59 ёшли Равиндран Наир шанба куни ўзининг даволовчи шифокори билан учрашиш учун отланган, бироқ душанба куни эрталаб лифтёр уни чиқариб олмагунга қадар шифохона лифтида қолиб кетган. "Тутқун"нинг оила аъзолари эса уни ишда деб ўйлаб, хавотир бўлмаган.  

Эркакнинг айтишича, у лифт кабинасида ёзилган шошилинч хизмат телефон рақамига қўнғироқ қилишга уринган, бироқ оператор билан боғланишга муваффақ бўлмаган. Равиндран Наирнинг хотини ва яқинларига қилган қўнғироқлари ҳам натижа бермаган. Ёрдам чақириш учун лифт эшикларини тақиллатишни бошлаганда эса эҳтиётсизлиги туфайли телефони полга тушиб кетиб, ишлашдан тўхтаган. Кейинроқ кабина чироқлари ҳам ўчиб қолган.

Қутқарилишини кутиш давомида эркак қон босимини назорат қилиб туриш учун ёнидаги ўзига шифокор аввалроқ ёзиб берган дорини қабул қилган. Ҳозир жабрланувчи сувсизланиш ташхиси ва белидаги оғриқ сабаб шифохонада қолган. Штат соғлиқни сақлаш вазири воқеа сабаб ундан узр сўраган.

Report typo