Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

28.02.2018


ҲОМИЛАДОРЛИК ДАВРИДАГИ ДИАБЕТ

- Қандли диабет - кенг тарқалган эндокрин касалликлардан бири бўлиб, инсулинга қарам  ва инсулинга қарам бўлмаган ҳолда фарқланади. Айтиш жоизки, 80-90 фоиз ҳолларда диабетнинг инсулинга қарам бўлмаган 2 тури учрайди. Бу дардга ёши 35-40 дан ошган, аксари жуда семириб кетган кишилар кўпроқ мубтало бўлади.

Бундан ташқари, гестацион, яъни ҳомиладорлик давридаги диабет ҳам учраб туради. Бугун дунё миқёсида қандли диабетнинг ҳомиладор аёллар орасида тез суръатлар билан кўпайиши она ва бола саломатлигига катта хавф туғдирмоқда.

Модда алмашинувининг бузилиши ҳомиладорлик диабетида ва қандли диабетнинг ҳар икки турида деярли ҳар хил бўлади. Ҳомиланинг она қорнида нобуд бўлиши қандли  диабет билан кечадиган ҳомиладорликнинг энг оғир асоратларидан бири. Бундан ташқари, чақалоқларда туғма нуқсонлар, вазн ортиб кетиши (4, 5 килограммдан ортиқ), ўпка ривожланишининг орқада қолиши ҳолатлари учрайди.

Гестацион диабетда аёлларда ҳомиладорлик оғир кечиб, ҳомила тушиши, кўпсувлик, кечки токсикозлар, шишлар пайдо бўлиши ва эклампсия рўй бериши мумкин. Қандли диабети бор аёллар ҳомиладор бўлишидан 2-3 ой олдин, ҳатто вақтлироқ яхшилаб даволанишлари шарт. Чунки ҳомиладорликнинг 8-10 ҳафтасида қондаги қанд миқдори баланд бўлса, ҳомилада туғма нуқсонлар юзага келиши мумкин. Барча йўлдош хасталикларни ҳам аниқлаб, даволаш лозим бўлади.

Қирқ ёшга яқинлашган аёлларда ҳомиладорликнинг эрта даврида     гемоглобин 10 фоиздан юқори ёки диабет кетоацидози бўлганда, ҳомиладорлик тавсия этилмайди. Ҳомила сақлаб қолинган ҳолларда аёллар  акушер-гинеколог, кўз шифокори, диабетолог ва бошқа шифокорлар назоратида бўлиши шарт. Қанд миқдори назорат қилиб борилади, парҳез буюрилади. Ҳар куни уч маҳал овқатланиш олдидан таъсир муддати қисқа оддий инсулин ва ухлашдан олдин муддати ўртача давом қиладиган инсулин қўлланилади. Наҳорда аниқланган қанд миқдори 5,3 ммол/л дан ошмаслиги керак.

Қондаги инсулин миқдори ҳомиладорлик даврида ўзгариб туриши мумкин. Она қонидаги қанднинг ҳомила қонига ўтиши ҳисобига ҳомиладорликнинг биринчи ярмида инсулинга бўлган эҳтиёж камаяди. Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида қонда қанд миқдори кўтарилиб, инсулинга талаб ортади.

Гестацион диабет аниқланганда, ҳомиладор аёлнинг тана вазни, қон босими мунтазам равишда назорат остида ўлчаб турилади. Буюрилган  парҳез овқатлар ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида тана вазни 1-2 килограммга, иккинчи ва учинчи ойлигида ҳафтасига 300-400 граммдан ортишини таъминлаши лозим. Ҳомиладорлик даврида аёлнинг вазнига қўшиладиган вазн кўзи ёригунга қадар 10-11 килограммдан ортмаслиги керак. Бундай пайтда маълум овқатланиш тартибига риоя қилиш жуда муҳим. Беморлар кунига оз-оздан 5-6 марта овқатланишлари керак. Қандни туширувчи дориларни ҳомиладорлик даврида ичиш асло мумкин эмас. Қанд ўрнини босувчи воситалар ҳам тавсия этилмайди. Ҳомиланинг ривожланишини назорат қилиш учун ультратовуш текширувлари ҳам ўтказилади. Лекин бу усулни иложи борича кам қўллаш керак.

Ҳомиладор аёллар орасида гестацион қандли диабетни эрта аниқлаш ва унинг профилактикаси, умумий амалиёт шифокори, эндокринолог ва акушер-гинекологлар томонидан репродуктив ёшдаги ҳамда ҳомиладор аёлларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ўйлайманки, минглаб туғилаётган болаларнинг диабет билан боғлиқ асоратларсиз дунёга келиши ва соғлом улғайишларига замин ҳозирлайди.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Report typo