Британиянинг Daily Mail газетаси европалик ва австралиялик олимларга таяниб ёзишича, иқлим ўзгаришлари ва сайёрадаги табиий бойликлардан шафқатсизларча фойдаланилиши туфайли Ерда турларнинг оммавий қирилиб кетиши яқин келажакда юз бериши мумкин.
Суперкомпьютер ёрдамида Ердаги 15 мингдан ортиқ озуқа занжирининг модели яратилган. Таҳлиллар шуни кўрсатганки, ёмон сценарий бўйича 2050 йилга келиб барча ҳайвон ва ўсимлик турларидан 10 фоизигача, 2100 йилга келиб эса 27 фоизигача қисми йўқолиб кетади.
Ўртача сценарий 2100 йилга келиб биохилма-хиллик 13 фоиз йўқотишга учрашини кўрсатган. Олимлар глобал исиш ва инсон фаолиятини қирилиб кетишнинг бош сабаби сифатида келтиради.
Тадқиқотчилар ушбу жараёнларни баҳолашдаги аввалги ёндашув хато бўлгани, унда ўзаро таъсир билан боғланган турларнинг биргаликда қирилиб кетиши ҳисобга олинмаганини таъкидлашган. Шундай экан, йиртқичларнинг муайян турига ўлжа бўладиган ҳайвонлар оммавий қирилиб кетиши улар ўлимига ҳам сабаб бўлади.
Шунингдек, биологлар ҳашаротларнинг йўқ бўлиб кетиши ҳар йили 400 минг нафардан ортиқ одам ўлимига олиб келишини аниқлашган. Яъни, чанглантирувчиларнинг қирилиб кетиши мева-сабзавотлар ҳосили 3-5 фоизга пасайиши ва, тахминларга кўра, ёндош касалликлар, жумладан, юрак хасталиклари, инсульт, диабет ва саратоннинг айрим турлари сабаб 427 мингта ортиқча ўлим бўлишига олиб келади.