Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муҳаммади ҚОРАЕВ

14.06.2018


ОМОНАТДОРЛИК, ЎЗ АҲДИГА ВАФОЛИ БЎЛИШ - ЧИН ИНСОН ЗИЙНАТИ

Таъкидлаш жоизки, динимиз тамойилларига кўра, ҳар бир имонли ва чин эътиқодли киши масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, турли салбий сифатлардан сақланиб боришга ва зиммасидаги омонатларни ўз вақтида адо этишга жиддий ҳаракат қилиши лозим.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга қачон хутба ўқисалар: “Кимнинг омонатдорлиги бўлмаса, унда имон йўқ, ким ваъдасига вафо қилмаса, унда дин йўқ”, деган сўзни такрорлардилар”.

Дарҳақиқат, омонатга вафодорлик иймоннинг бeлгисидир. Агар иймон кeтса, омонат ҳам қалбдан суғурилиб чиқиб кeтади. Омонатдорлик гўзал хислат, омонатга хиёнат қилиш энг қабиҳ иллатдир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Гуноҳлар икки хил бўлади: кечирилиши умид қилинадиган ва кечирилиши умид қилинмайдиган гуноҳлар. Кечирилиши умид қилинадиганлари Аллоҳ ва банда ўртасидаги гуноҳдир. Кечирилиши умид қилинмайдиганлари эса банда билан банда ўртасида содир бўлади. Бу турдаги гуноҳлар, модомики, ҳақдор мазлум ўз ҳақига рози бўлмас экан, кечирилмайди”.

Шу маънода “Қобуснома”да бир ривоят бор. Қисқача мазмуни шундай: ...Бир киши кеч оқшом ҳаммомга борадиган бўлди. Унга ҳамроҳлик қиладиган дўсти зарур иши борлигини айтиб, икки йўл айрилган жойгача борди. Аммо ўша манзилга етгач, хайрлашмай ўз йўлида равона бўлди. Шу пайт ҳаммомга борувчининг изидан ўғри тушди. Ҳалиги киши эса, қоронғи эмасми, ортидан келаётган дўстимдир, дея хаёл қилди. Ҳаммомга етгач, унинг эшиги олдида қўйнидаги 100 тиллани чиқариб, дўстига омонатни сақлаб туришни илтимос қилди. Ювиниб чиққач, кийимини кийиб, йўлга тушди. Ўғри эса ҳайрон бўлиб, унинг ортидан зарингни олгин, деб чақирди. Ҳалиги киши қоронғуда уни танимади. 

 – Сенинг омонатингни сақлайман, деб ишимдан қолдим, – деди чақирган кимса. Шундан сўнггина ҳалиги киши унинг кимлигини сўради. 

 – Мен бир ўғриман, – жавоб беради тиллани топширмоқчи бўлган одам.

 – Агар сен ўғри бўлсанг, нима учун зарни олиб кетмадинг? 

 – Сен бу зарни менга омонат топширдинг. Омонатга хиёнат қилиш жўмардликдан эмас, – деди ўғри. 

  Ривоятга кимдир ишонади, кимдир йўқ. Лекин у минг йилдирки, бизга бебаҳо қадриятлардан бири жўмардлик сабоғини эслатиб келади.

Омонатларни яхши сақлай олмасликдан кўплаб жиноят ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муросасизлик, уруш-жанжал ва мушкул муаммолар вужудга келади.

Бир ҳадиси шарифда: “Мўмин ҳар қандай хислатга табиатан мойил бўлиши мумкин, бироқ хиёнат ва ёлғонга мойил бўлмайди”, дейилган бўлса, бошқасида: “Ким қаердан мол топаётганига эътибор бермаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди”, дейилган.

Ўз яқинидан қарз олиб, турли ёлғон баҳоналар билан  қайтариб бермаслик, унга нисбатан зулм эканлиги ҳам ҳадисда баён қилинган. Насаий қилган ривоятда: “Менинг жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилиб қатл қилинса ва яна тирилтирилиб сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, то қарзини адо этмагунча жаннатга кирмас”, дейилади. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам қарзининг адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарз узилсагина жаннатга киради.

Нақл қилинишича, Абдуллоҳ ибн Муборакдек буюк олим яшаб ўтган. У зот Марвда бўлган пайтларида бировдан бир қалам олдилар. Орадан вақт ўтиб Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдан Шомга бордилар. Шомга боргач, бояги қалам хаёлларига келиб, дарҳол ортларига қайтиб, омонатни эгасига топширган эканлар.

Виждони пок, иймони бутун, диёнатли киши омонатга хиёнат қилмайди. Муборак Рамазон ойининг нурли кунларида омонатдорлик ҳисси барчамизни бир онга бўлса-да тарк этмасин. Зеро, кишининг бор зебу зийнати, бу дунёда унинг эришган маънавий бойлиги ҳам гўзал одамийлик мулкига эгалигидадир.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

 Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги етакчи мутахассиси

Report typo