Дарҳақиқат, Конституция ҳар қандай давлатнинг ҳуқуқий асоси бўлса, инсонни бу ҳаётда тутиб турадиган куч – ор-номусдир. Шу маънода Конституция – давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган қомус сифатида халқимизнинг иродасини, руҳияти, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттириши билан аҳамиятлидир.
Байрам тантанасини вилоят ҳокими Зафар Рўзиев кириш сўзи билан очаркан, Асосий қонунимизнинг бахтимиз кафолати, халқимиз фаровонлигининг муҳим таянчи эканлиги ҳақида гапирди, тантана иштирокчиларини қутлади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари билан бошланди.
Сўнг вилоят прокурори Баҳодир Пўлатовнинг маърузаси тингланди.
- Қонунлар қанчалик адолатли, мукаммал бўлса, ўша жамиятда ижтимоий муносабатлар муаммосиз тартибга солинади, - деди вилоят прокурори. – Бу ўз навбатида, шу мамлакат тараққиётига, тинчлигига ўзининг бевосита таъсирини ўтказади. Конституциямизнинг биз учун муқаддаслиги шундаки, унда ҳар қандай тараққиёт гарови бўлган тинч-тотув, осойишта ҳаётимизнинг асослари белгилаб берилган.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси моҳияти жиҳатидан демократик-ҳуқуқий давлатга хос барча институтларни ўзида қамраб олган, жаҳон цивилизациясининг энг сўнгги ютуқларига асосланган, миллий давлатчилигимиз хусусиятларини мужассам этган қомусдир. Конституциямиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар давлат бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига фақатгина халқ манфаатини кўзлаб фаолият юритиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтириш имкони ва ваколатини беради.
Хусусан, Конституциямизнинг 2-моддасида “Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” дея белгилаб қўйилгани юртимизда инсон манфаатининг устунлигини қонуний равишда мустаҳкамлаб, кафолатланганидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эса муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиши билан бирга фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз ва оғишмай риоя қилинишини таъминлайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиб, ушбу меъёрга нечоғлик амал қилиниши жамоатчилик назорати, халқ диққат-эътиборида туради.
Барчамизга маълум, мамлакатимизда Бош қомус асосида фуқаролар ва миллатлараро тотувлик таъминланди, турмуш фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан, спорт соҳаларида салмоқли муваффақиятларга эришилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг чорак асри муносабати билан давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 октябрдаги фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланганлар орасида вилоятимиздан ҳам кўплаб кишилар борлиги қувонарлидир.
Аслини олганда, қонун устуворлигисиз ҳуқуқий давлатни тасаввур этиб бўлмайди. Ҳуқуқий давлатнинг қуроли ҳам, ҳимояси ҳам, кўзи ҳам, сўзи ҳам қонундир. Шу маънода юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро, жамият ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганиши, унинг маъносига етиб, ҳаётининг доимий қўлланмасига айлантириши даркор.
Бош қомусимизнинг устувор аҳамияти байрам дастурида ҳам ўз ифодасини топди. Санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: байрам тадбиридан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.