Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Фотима ШАРАПОВА

19.04.2019


ОНА, ЧАҚАЛОҚ ВА ... СМАРТФОН

- Ваҳоланки, болаларим қараган пайтда мен смартфон ёки планшет билан банд бўлиб, уларга эътибор бермаганимда, ўғилларим шу қисқа вақт ичида 28 марта ўзларини ёлғиз ҳис этарди, - деб ёзади Бренди Жонсон. - Шу воқеадан сўнг смартфон ва планшетдан фойдаланиш, ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот қилишни кескин қисқартиришга қарор қилдим. Илгари бу ишларга сарфлаган вақтимни эса энди болаларимга бағишлаяпман. Бундан ўзим ҳам, улар ҳам бахтиёр. Сизларга ҳам маслаҳатим: гаджетларингизни четга олиб қўйиб, уларга кетказадиган вақтингизни оилангиз, севимли фарзандларингиз билан  ўтказинг.

Минг афсуски, АҚШлик ёш онанинг бу гапларини ҳамма ҳам тўғри қабул қилмайди. Тажрибамга таяниб айтадиган бўлсам, кейинги йилларда юртимизда ҳам ёш оналар ва ҳатто эмизикли фарзандлари бор аёллар телефон ва смартфондан фойдаланишга ҳаддан зиёд кўп вақт сарфлашади. Танбеҳ берсангиз "Фақат бола билан бўлиб,   дунёдан бехабар қолайликми энди, дам олишимиз ҳам керак-ку!" дейишади. Аммо билишмайдики, янги туғилган чақалоқнинг ўзи бир дунё, ундан доимо бохабар бўлиб туриш, ҳар дақиқада меҳр бериш, унга ғамхўрлик кўрсатиш зарур. Телефон орқали узундан-узоқ суҳбатлар, ижтимоий тармоқлардаги тинимсиз мулоқотлар эса ёш она ва гўдак ўртасидаги узлуксиз давом этиши лозим бўлган ўзаро алоқага жиддий зарар етказади. Қолаверса, виртуал оламга шўнғиб кетиш ёш болали аёлнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан тўлақонли дам олиши ва туғруқдан кейин айрим функциялари тикланиши керак бўлган организмга қайта куч тўплаши учун имкон қолдирмайди.

Баъзи ёш оналар "Смартфон - энг яқин кўмакчимиз, у орқали биз болага қараш билан боғлиқ кўп нарсаларни ўрганамиз" деб айтишади. Бу гапларда қисман жон бордир, бироқ интернет орқали чақалоқлар парвариши ҳақида топиш мумкин бўлган маълумот ва маслаҳатларнинг ҳаммаси ҳам фойдали эмас ёки айнан шу чақалоқ учун тўғри келмаслиги мумкин. Бундай маслаҳатларнинг аксарияти мутлақо малакаси бўлмаган одамлар ёки бирон-бир дори, жиҳоз, тиббиёт буюмини яширинча реклама қилаётган компаниялар томонидан тарқатилади. Бу тавсияларнинг она ёки болага фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Албатта, ёш оналар смартфон ёки планшетлардан тўлиқ воз кечишлари керак, деган фикрдан йироқмиз. Чунки айрим ҳолларда бундай мулоқот воситалари чақалоқларга қараётган аёлларга жуда асқатади. Масалан, замонавий телефонлар, зарурат туғилганда, масофадан туриб ҳам ваколатли шифокорлардан тезкор маслаҳат олиш ёки боланинг ҳаёти ва саломатлиги ҳақида муҳим маълумотларни тизимли қайд этиб бориш, шунингдек, ёш онага ўз устида ишлаш ва дунёқарашини бойитиш имконини беради. Бироқ ҳамма нарсаниям меъёрида бўлгани яхши. Эсингиздан чиқарманг: планшетдан кўришингиз мумкин бўлган мусиқали клиплар ва кулгили видеолавҳалар, ижтимоий тармоқларда кўплар олишга қизиқадиган "лайк"лар, "юлдуз"лар ҳаётига оид шов-шувли хабарлар фарзандингизнинг биргина табассумига арзимайди.

Фотима ШАРАПОВА,

вилоят перинатал маркази ҳамшираси

 

Report typo