Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ОНАЛАРНИНГ БИЗ ТУШУНМАЙДИГАН, БИЗНИНГ ЎЛЧОВИМИЗГА СИҒМАЙДИГАН ЎЗ ОЛАМИ БОРГА ЎХШАЙДИ

НАСРИДДИН

06.03.2020


ОНАЛАРНИНГ БИЗ ТУШУНМАЙДИГАН, БИЗНИНГ ЎЛЧОВИМИЗГА СИҒМАЙДИГАН ЎЗ ОЛАМИ БОРГА ЎХШАЙДИ

 Сараланган сатрлар

Ўткир Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари" асари энг мунис зот - оналар ҳақида. Мутолаа асносида ҳар бир ўқувчида ўз-ўзига саволлар туғилаверади: мен-чи, онамга қанчалик эътиборлиман, унинг қадрига вақтида етаяпманми? Қисса азиз инсонларимизни эъзозлашга ўргатади...

* * *

Юлдуз тўла осмонга тикиламан. Эҳтимол, осмондаги энг ёрқин юлдузлар оналарнинг жонидир. Эҳтимол, оналарнинг сўнган юлдузлари бирлашиб қуёшга айлангандир. Офтобни она дейишлари, эҳтимол, шундандир.

* * *

Оқ сурп яктак кийган, мош-гуруч соқоли ўзига ярашган гўрков юзига фотиҳа тортиб ўрнидан туради:

- Бўлди энди, болам! Бунақада ўзингизни олдириб қўясиз. Дунёнинг ишлари шу экан, илож қанча? - У бир зум индамай қолади-да, қўшиб қўяди: - Волидаи меҳрибонингиз хўп ярлақаган одам эканлар. Тўшакда ётмабдилар, бировга зориқмабдилар... Бунақа беозор ўлим ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Нами қуриб улгурмаган тупроқ уюмига тикилганча ўйлайман.

Эҳтимол шундайдир. Онам бу дунёда камсуқумгина яшарди. Ҳеч кимга озор бермасди. Ҳеч ким билан ҳеч нимани талашмасди. Эҳтимол, табиатнинг энг шафқатсиз элчиси билан ҳам олишиб ўтиришни хоҳламагандир. Эҳтимол...

* * *

Илгарилари бир ҳақиқатни билардим. Она учун боланинг катта-кичиги бўлмайди. Энди яна бир ҳақиқатни англадим. Бола учун ҳам онанинг катта-кичиги бўлмас экан. Она - она экан. Унга бошқа сифат керакмас.

* * *

...Оналар фарзандлари ҳамиша бирга бўлишини истайдилар. Қисмат эса, уларни қанот чиқариши билан ҳар ёққа учириб кетади. Ҳаёт лоақал шу масалада ҳам оналарга шафқат қилмайди.

* * *

Ҳақиқат ҳавога ўхшайди. Нафас олиб турасизу ўзини кўрмайсиз. Ўйлаб қарасам, ойим гўдаклигимда қайта-қайта айтиб берган... икки афсона ҳаётдек оддий, ҳаётдек чуқур ҳақиқат экан.

* * *

 Ҳар йили дам олишга борганимда онамга гилам пайпоқ олиб келардим. У худди ноёб нарсага эга бўлгандек, узоқ дуо қилади, бирпасда ҳамма қўшниларга кўз-кўз қилиб чиқади, шундоқ "меҳрибон" ўғли борлигини айтиб мақтанади. Шунда қор гупиллаб ёғиб турган мудҳиш кеча, онамнинг қип-қизил гўштга айланиб кетган оёқлари кўз ўнгимга келадию, индамай чиқиб кетаман.

* * *

Нима учундир онам тез-тез толқон қиларди. Сабабини кейин тушунганман. Нон кўплиги учун эмас, камлиги учун толқон қилишаркан. Толқон тўйимли бўлади. Икки қошиқ еб, устидан олма чой ичсангиз, дарров нафсингиз қонади.

* * *

- Қизиқсиз, - дедим жаҳлимни босолмай, - ҳамманинг ишига аралашаверасизми?

- Нима, ҳамманинг иши?

- Бировнинг боласи бўлса... Йиғласа, сизга нима? Йиғлаб-йиғлаб овунади.

- Нимага бировнинг боласи бўларкан! - Тўсатдан онамнинг жаҳли чиқиб кетди. - Йиғлаб турган боланинг бегонаси бўладими? Уялмайсанми шунақа дегани? Йиғлаб турган норасидага раҳми келмаган одам - одамми?

Индамадим. Аммо барибир ўшанда онамни ноҳақ ҳисоблаган эдим. Йўқ, чамамда, оналарнинг биз тушунмайдиган, бизнинг ўлчовимизга сиғмайдиган ўз олами борга ўхшайди.

* * *

…Уйга келиб энтика-энтика ҳаммасини ойимга айтиб бердим. Ойим бошимни силаганча, оҳиста юпатди:

- Қўявер, ўғлим. Баъзан шунақаси ҳам бўлади. Фақат ўзинг унақа қилма. Кўрдингми, ёлғон гапиргани учун ўртоғингни ёмон кўряпсан. Агар ёлғон гапирсанг сениям ҳамма ёмон кўриб қолади.

* * *

Ҳар ким ҳар кимнинг кўзига чўп солиши мумкин, ҳар ким ҳар кимга хиёнат қилиши мумкин. Фақат она ўз боласига ҳеч қачон хиёнат қилмайди. Эҳтимол, инсон ҳаётининг шунча йиллардан буён давом этиб келаётгани шундандир.

* * *

Кечалари уйғониб кетаман, ўйлайман. Ўйлайман: сен номард, сен аҳмоқ нимага, нимага ўшанда кулдинг? Суратга тушишга вақтинг йўқмиди? Керак бўлса топасан-ку. Китоб учун, журнал учун, иш устида, боғда, кўчада... Нима, сен киноюлдузмисан? Жаҳоншумул шахсмисан? Ана, бир даста суратинг ётибди. Ҳар хил. Ҳар ерда... Фақат... Онанг билан тушган суратинг йўқ!

* * *

Билмаган эканман, мен онамнинг эмас, онам менинг суянган тоғим экан. Тоғим тўсатдан қулаб тушди.

Бугун янги китобим чиқди. Биринчи нусхасини эмас, битта нусхасини эмас, олтмиш минг китобнинг ҳаммасини онамга бағишладим. Лекин...

* * *

Отамнинг жаҳли ёмон эди. Баджаҳл бўлиб ака-укалардан, биронтамизни чертган эмас. Бироқ онам: "Ҳой, эҳтиёт бўл, адангнинг жаҳллари ёмон", деб шунчалик уқтириб қўйганки, отамизни кўришимиз билан ҳаммамиз ювош тортиб қолардик.

* * *

- Ана! - Келинойи тағин шанғиллади. - Сизнинг эрингиз ўтинингизгача ёриб беради. Маники бўлса, бир пақир сув олиб келмайди, қўлгинанг синиб, акашак бўлгур. Уйим-жойим деб бўйнини эгмайди, бўйнигинанг кесилгур, эшшак! Худоё бўйнигинанг ҳазрати Алининг қиличида кесилмаса, у дунё-бу дунё розимасман-а!

Ортиқ қараб туролмадим. Негадир йиғлагим келди.

...Ҳозир ҳам эри сал қовоғини солса, "мелиса" билан қўрқитиб, "ўн беш сутка"ни пеш қиладиган баъзи хотинларни кўрсам, онамнинг қаноатини, Келинойининг қарғишларини эслайман.

* * *

Менинг гўдаклик шууримга эса пора - дунёдаги энг ҳаром нарса, деган тушунча михланиб қолди. Тўғри, кейин ҳам, поралару порахўрларнинг ҳар хилини кўрдим. Бировга ордер бериш учун пора оладиганларнию, яхшироқ уйдан жой олиш учун пора берадиганларни ҳам, бировнинг боласини институтга олиб кириш учун пора оладиганларнию, ўзининг чаласавод боласини ўқишга жойлаш учун пора берадиганларни ҳам кўрдим. Бировга камёб нарсани навбатсиз тўғрилаш учун пора оладиганларнию, ўша нарсани бошқаларга уч баҳосига пуллаш учун пора берадиганларни ҳам, бировни амал столига ўтқазиш учун пора оладиганларнию, ўша курсига ўтириб, берганини ўн ҳисса қилиб қайтариб олиш учун пора берадиганларни ҳам кўрдим. Ўзининг қизи тенги ходимини дачасига судрайдиган ипирисқи амалдорларнию, ишни битириш учун бегона тўшакка бемалол ётадиган аёлларни ҳам, пора олиб қия бўлиб кетганларнию, яна пора бериб, қутулиб чиқиш йўлини топадиганларни ҳам кўрдим.

* * *

Ҳар гал уни кўрганимда ғалати туйғулар қийнайди. Бир жиҳатдан ачинаман. Эҳтимол, у ўз вазифасини бажаргандир. Эҳтимол, ўша пайтда шундай қилиш керак бўлгандир. Аммо инсоннинг феъли ғалати. Яхши нарса эсидан чиқса-чиқадики, ёмонликни унутиши қийин. Айниқса, бу - болалик хотираси бўлса... Уни ҳар кўрганимда кўз ўнгимда онамни ҳақорат қилгани хаёлимга келаверади. Онамнинг жиққа ёш тўла кўзлари тасаввуримда гавдаланади.

* * *

Эҳтимол, дунёнинг бу четида туриб бир одам ўз севиклисига айтган дил розини дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Эҳтимол, дунёнинг бу четида туриб бир одам айтган қўшиқни дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Эҳтимол, дунёнинг бу чеккасида туриб бир одам айтган энг оқилона фикрни дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Бироқ дунёнинг бу чеккасида туриб она айтган аллага  дунёнинг нариги чеккасидаги гўдак бемалол ором олади. Нега шунақа? Наҳотки, гўдак тушунган нарсага биз тушунмасак? Эҳтимол, бунинг боиси бошқа жойдадир. Эҳтимол, она тушунган нарсани бизлар тушунмасмиз. Балки шунинг учун ҳам она - табиатнинг энг буюк ихтиросидир.

* * *

Чўғдек ловуллаган қизғалдоқлар, саф тортган гулсафсарлар орасида мармар тошлар кўринади. Оқ мармар, қора мармар, кўк мармар... "Онажон, сизни то абад унутмаймиз", "Онажон, қилдингиз бизга жон фидо, э воҳ, тақдир сиздан айлади жудо", "Онажон, хотирангиз қалбимизда мангу яшайди..."

Оқ мармар, қора мармар... Бу сўзларнинг ҳар битта ҳарфига қанчадан-қанча кўз ёши томганини биламан. Эҳтимол булар инсон боласининг ҳаётда айтган энг рост сўзларидир. Фақат... ҳар гал уларни ўқиганда бир нарсани ўйлайман: мана шу сўзларни юрак-юракдан, изтироб билан айтган фарзанд онаси ҳаёт эканлигида қанчалик кўнглини ололди экан? Хотинига қимматбаҳо пўстин олиб бераётганида, онасига бир кийимлик кўйлак қўшиб олиш ёдидан чиқмадимикан? Ўз уйини чет эл мебели билан тўлдириб қўйганида онасига ақалли бўйрадеккина гиламча совға қилишни унутмадимикан? Қизини туғилган кунида атлас кўйлак, ўғлини велосипед билан қутлаганида онасига оддий бир пайпоқ олиб беришни эсдан чиқармадимикан?

* * *

Мабодо Тангри марҳумларга қайта жон ато қилсаю оналар тирилиб қолса, ҳаёт пайтида меҳр берганми, бермаганми - барибир фарзандларини мақтаб гапирган бўларди. Оналар ҳатто вафотидан кейин ҳам оналигича қолади.

* * *

Эсингиздами, ойи, сиз бир марта, атиги бир марта, ўшандаям ҳазиллашиб: "Мениям китоб қилиб ёзсанг-чи, ўғлим", дегандингиз. Мен: "Сизнинг нимангизни китоб қиламан, ойи?" деган эдим. Хафа бўлманг, мен ҳазиллашган эдим. Мана, ўша китоб. Йўқ, уни мен ёзганим йўқ. Уни сиз ёзгансиз. Мен уни қоғозга тушириб, одамларга тарқатдим, холос. Мен уни дунёдаги ҳамма оналар ўқишини хоҳлайман. Биламан, дунёдаги ҳамма оналар яхши. Шундоқ бўлсаям, уларнинг ҳаммаси Сизга ўхшашини хоҳлайман.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo