Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.ҚИЛИЧЕВА

27.04.2017


ОНАМ АЙТГАН АЛЛАЛАР

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур фестивалдан кўзланган асосий мақсад  халқимизнинг қадим қадриятлари, урф-одатлари, удумларини алла мисолида намоён этиш ва ўсиб келаётган ёш авлодни кўҳна меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, йўқолиб бораётган халқ оғзаки ижодининг бир тури саналган алла қўшиқларини тиклаш ва чуқур ўрганишдан иборатдир. Ижрочилар ўзлари тайёрлаган аллаларни халқона урф-одат ва анъана-қадриятлар акс эттирилган, театрлаштирилган саҳна кўринишлари тарзида, жонли ижрода тақдим этишди. Ҳар бир туман ва ҳудуднинг ўзига хос одат-русумлари намойиш қилинди, ўзбек тилидаги аллалардан ташқари, арабча ва туркманча аллалар ҳам маромига етказиб куйланди.

- Мен бугунги тадбирга туркман тилидаги аллани тайёрлаб келдим, - дейди помуқлик иштирокчи Тозагул Андаева. – Туркман тилида алла “ҳувва” дейилади, онанинг кўнглида бор ниятлари, боласига меҳру муҳаббати ифодаланган ҳувва қўшиғи ниҳоятда таъсирчан, эшитган кишини сел қилади.

- “Қўш бешикда борим болам, қатордаги норим болам”, деб бошланадиган аллани ёшлигимда онамдан кўп эшитганман, - дейди яна бир иштирокчи, чироқчилик ёш ижрочи Гуласал  Хоналиева. – Қўш бешик – эгизак фарзандлар улғаяётган хонадон тимсоли, бола эса онанинг бор жаҳони. Шу сабабли она алласига бор меҳрини сингдиради.

Бу ижрочи томонидан тайёрланган саҳна кўринишида ёш онанинг йиғлаётган боласини мобиль телефондаги мусиқа ёрдамида овутишга уриниши, қайнона эса унга телефондан тараладиган нур гўдак учун зарарли эканини айтиб, танбеҳ бериши ва хонадон кайвониси бўлган момони чақириб, алла айттириши воқеаси акс эттирилди. Охирида келин айтган алла ҳам томошабинларга манзур бўлди. Шу тариқа бошқа ижрочилар ҳам ўз чиқишларини намойиш қилишди. Уларнинг ижро маҳорати, саҳна маданияти ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Фестиваль якунида иштирокчилар “Энг ёш ижрочи”, “Фахрий ижрочи”, “Урф-одат ва анъаналар тарғиботчиси”, “Оригинал ижроси учун”, “Саҳна маданияти учун”, “Ижро маҳорати учун”, “Мухлислар олқиши учун” каби номинацияларда тақдирландилар.

Уларга тадбир ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлари топширилди.

Х.ҚИЛИЧЕВА

Report typo