Дунёнинг қурол ишлаб чиқарувчи юзта энг йирик субъекти маҳсулот сотуви ҳажми 2021 йилда 1,9 фоизга ўсиб, 592 миллиард долларга етган. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги Стокгольм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI) эълон қилган маълумотларга таяниб хабар берган.
Шунингдек, манбанинг қайд этишича, ундаги АҚШ ҳарбий маҳсулотлари улуши 50,5 фоизга етади. Американинг қирқта корпорацияси 299 миллиард долларлик қурол ва ҳарбий техникалар сотган.
Anadolu маълумотларига кўра, АҚШ компаниялари 2018 йилдан буён SIPRI рейтинггида дастлабки бешта юқори ўрнини эгаллаб келади, шунингдек, биринчи ўнталикда Британиянинг битта ва Хитойнинг тўртта компанияси жойлашган.
Top-100 таликка Россиянинг қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи олтита компанияси киритилган, уларнинг 2021 йилдаги умумий маҳсулот сотуви ҳажми 17,8 миллиард долларни ташкил этган. Бундан ташқари, саккизта Хитой мудофаа концерни 109 миллиард, иккита турк компанияси 3,36 миллиард долларлик сотувни амалга оширган.
Қурол ва ҳарбий техникалар сотуви ҳажми дунёда кузатилаётган беқарорлик ва нотинчликлар ортидан янада ортиб бормоқда. Демак, қонли урушлар дунёнинг қурол ишлаб чиқарувчи (мамлакатлари) компанияларига фойда келтираяпти, холос.