Унда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда банк-молия, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, жамоат ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбирни вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Зафар Рўзиев кириш сўзи билан очаркан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 31 март - 1 апрель кунлари бўлиб ўтган бешинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган масалалар ҳақида тўхталди.
Кун тартибидаги асосий масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Батир Матмуратовнинг маърузаси тингланди.
Қайд этилганидек, Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида 14 та масала, жумладан, тўртта қонун муҳокама этилди. Мазкур қонунларнинг биттаси янгидан, бири янги таҳрирда қабул қилинди, яна бири амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, сўнггиси эса халқаро ҳужжатни ратификация қилиш хусусида бўлди. Шунингдек, Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг Туркманистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчисини лавозимига тайинлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди ҳамда улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тадбирда "Парламент назорати тўғрисида"ги, янги таҳрирдаги "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари юзасидан тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ишчи гуруҳи томонидан вилоят маҳаллий бюджетининг ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ижроси кўриб чиқилди, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг вилоятдаги вакиллиги, Марказий банк вилоят бошқармаси ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бўлинмасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар тингланди.
Тадбир мунозара, савол-жавоб руҳида ўтди.
Б.ЎКТАМ.