Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ УНИНГ ИЖРОСИ ҚАЙ ДАРАЖАДА ТАЪМИНЛАНГАНИ БИЛАН БОҒЛИҚ

Абдишукур ОМОНОВ

15.12.2018


ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ УНИНГ ИЖРОСИ ҚАЙ ДАРАЖАДА ТАЪМИНЛАНГАНИ БИЛАН БОҒЛИҚ

Сенатда мамлакатимизнинг 2019 йилга мўлжалланган давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,1 фоиз ёки 4,5 триллион сўм миқдоридаги тақчиллик билан маъқулланди. 2019 йилда давлат харажатлари 107,1 триллион сўмни, даромадлари эса 102,6 триллион сўмни ташкил қилиши кутилмоқда. Давлат харажатлари 2018 йилга нисбатан 36,4 фоизга кўпроқ. Имтиёзли кредитлар бериш 2018 йилга нисбатан кескин камайиши назарда тутилган. Мазкур масала бўйича Сенатнинг "Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Сенаторлар томонидан маъқулланган "Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида"ги Қонун халқаро шартномаларни тузиш, ижро этиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва уларни тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Ушбу қонун мамлакат ташқи сиёсатини амалга оширишнинг асосий воситаларидан бири сифатида халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини бойитади ва такомиллаштиради. Давлат органлари ишлари самарадорлигини оширишга, уларнинг жавобгарлигини ва улар томонидан ишлаб чиқиладиган ҳужжатлар сифатини оширишга, томонлар тарафидан битимлар тегишлича бажарилиши устидан назоратни таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг "Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни билан ҳимоя қилинувчи шахсларнинг шахсий ва мулкий хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя чораларини қўллаш, қўшимча хавфсизлик чораларини қўллаш ҳақидаги ариза билан мурожаат этиш, ҳимоя қилиш борасида юқори турувчи идораларга шикоят қилиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.

Ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлар махфийлигини таъминлаш, шахсни, уй-жой ва бошқа мулкларни қўриқлаш, бошқа жойга кўчириш, иш ёки ўқиш жойини ўзгартириш каби хавфсизлик чоралари белгиланди. Ҳимоя қилинувчи шахслар тоифасига жабрланувчи ва унинг қонуний вакили; гувоҳ; жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси; гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва уларнинг ҳимоячилари ҳамда қонуний вакиллари; маҳкум; оқланган шахс; фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари; эксперт, мутахассис, таржимон ва холислар киритилди. Қонунга кўра, уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари ҳам ҳимоя қилинувчи шахс бўлиши мумкин.

"Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қонун орқали хорижда мамлакатимиз манфаатларини, Ўзбекистон  Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича консуллик муассасаларининг асосий вазифалари белгилаб берилди. Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кўмаклашиш бўйича консул функциялари кенгайтирилди. Консуллик мансабдор шахсининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланди.

"Уруғчилик тўғрисида"ги Қонун уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини янада такомиллаштириш, уруғликларни экспорт қилиш, уруғликлар тоифаларини халқаро тоифаларга мувофиқ белгилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уруғчилик соҳасидаги субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилашга хизмат қилади. Шунингдек, инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уруғликларни кўпайтиришнинг ва улар билан истеъмолчиларни таъминлашнинг самарали тизимини яратишни назарда тутадиган уруғчилик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

 "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун асосида Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Меҳнат кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ўзгаришлар вояга етмаган шахслар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар иштирокида тиланчалик қилиш ҳолларининг олдини олишга, жамиятнинг ахлоқий қадриятларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 "Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун билан эса 17 та қонун ва 6 кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, қонун давлат органлари ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариши учун янада қулай шарт-шароит яратишга, улар фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмини такомиллаштиришга қаратилган.

"Судларда давлат божини ундириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан  Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунга кўра, судларга давлат божини тўлаш бўйича амалдаги 74 имтиёздан 17 тасини бекор қилиш, янги тузилган маъмурий судларга мурожаат қилганда, давлат божи тўлашдан озод этиладиган шахслар ва органлар рўйхатини белгилаш, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар учун давлат божини ундириш объектларини бирлаштириш белгиланди.

"Иқтисодий жиноятларга ва  оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 19 та қонуни ва        5 кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

"Қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизми такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун билан "Фуқароларнинг ўзини ўзи  бошқариш органлари тўғрисида"ги, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги,   "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ер кодекси ва Солиқ кодексига ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, фермер ва  деҳқон хўжаликларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиш тартиби  белгиланиб, фермер ва деҳқон хўжаликларининг шахсий манфаатдорлиги ва жавобгарлиги оширилди.

"Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонун кўриб чиқилиб, 26 январь Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни этиб белгиланди. Шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ апрель ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари куни этиб белгиланди.

Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг бир қатор конвенцияларга қўшилиши ва халқаро шартномаларни ратификация қилиши ҳақидаги қонунлари маъқулланди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги, Ташқи ишлар вазирининг Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ва Фарғона вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Сенат томонидан маъқулланган қонунлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач, қонунда белгиланган муддатларда кучга киради. Асосий масала бу қонунлар ижросини таъминлаш ва мазмун-моҳиятини аҳолига етказишдан иборат.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

 

Report typo