Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

02.10.2018


ҚОНУНЧИЛИККА “ГИЛЬОТИНА” КЕРАКМИ?

2003 йилда чоп этилган “Юридик атамалар қомусий луғати”да гильотина – қатл қуроли (мосламаси) бўлиб, XVIII аср охиридаги француз инқилоби даврида врач Ж.Гильотен таклифи билан қўлланилган, дейилган. Ушбу мосламани кинофильмларда кўп кўрганмиз.

Қонунчилик борасида эса у ишламаётган, мавҳум ва бир-бирига зид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан воз   кечишни англатади, яъни бундай ҳужжатлар “умри”га   “гильотина усулини қўллаш” орқали барҳам берилади.

Аниқ мисолларга назар ташласак, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун 2-моддаси 8-бандида “Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари орасидан тайинланади ва тасдиқланади”, дейилган бўлса-да, амалиётда қонуннинг бу нормаси ишламайди. Қонунда ҳокимлар ўзи қабул қилган қарор ва фармойишни ўз ташаббуси билан ўзгартириш, бекор қилиш ҳуқуқига эга ёки эга эмаслиги масаласи очиқ қолган. Ҳокимлар бу ваколатга эга эканлигини қонунда аниқ кўрсатиш керак.

Ушбу қонун 24-моддаси 16-бандида халқ депутатлари Кенгашига “ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш” ваколати берилган. Бироқ, туман ҳокими қарорини тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарори билан бекор қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги масаласига аниқлик киритилмаган. Қуйи ҳоким қарорини юқори турувчи ҳоким, қуйи Кенгаш қарорини юқори турувчи Кенгаш томонидан бекор қилиш ҳолатлари амалиётда кам учрайди.

Мазкур қонунда халқ депутатлари Кенгаши тегишли ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, прокурор, Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботи ва суд раисларининг ахборотларини эшитиши белгиланган. Аммо, Кенгаш бу мансабдор шахсларнинг ҳисоботини қониқарсиз ва эгаллаб турган лавозимга мувофиқ эмас, деб топганда қандай ташкилий-ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиш масаласи қонунларимизда охирига етказилмаган, масала очиқ қолган.

Қонунда фуқаролар ва юридик шахсларнинг халқ депутатлари Кенгаши қарори устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи бор ёки йўқлиги масаласига аниқлик киритилмаган. Қонуннинг 26-моддасида “халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг Конституция, қонунлар, Президентнинг фармон ва қарорларига зид келадиган қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади”, деб белгиланган. Бироқ, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ёки Сенат томонидан бекор қилинишига аниқлик киритилмаган. Халқ депутатлари Кенгаши қарорини бекор қилишга оид “Белгиланган тартиб” ишлаб чиқилмаган.

Қонуннинг 10-моддасида вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг ер бериш ва ерни олиб қўйиш, ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга оид қарорлари халқ депутатлари тегишли Кенгаши томонидан тасдиқланиши белгиланган бўлса-да, амалиётда Кенгаш томонидан тасдиқланмаган бу тоифадаги қарорлар кўплаб учрайди. “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонун 11-моддасига кўра фермер хўжаликларига ер участкаси ўтказилган танлов якунларига кўра ер участкаларини бериш масаласини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда туман фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликлари кенгашининг хулосасига биноан халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори асосида қабул қилинган туман ҳокимининг қарори бўйича берилади, олиб қўйилади. Туман ҳокимининг бу қарорига прокурор протест билдиришга ваколатлими? Судлар бу қарорни бекор қилишга ҳақлими? Бу саволларга қонунларимизда жавоб йўқлиги сабабли ери олиб қўйилган кўплаб фермер хўжаликлари раҳбарларининг шикоятлари қонуний ечимини топмай юрганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда барча қонунлар ва қонун ости ҳужжатларида инсон манфаатини ҳимоя қилишга оид нормалар мавжуд. Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин иш танлаш, ҳаққоний меҳнат шартлари асосида ишлаш ва қонунда белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги қонунларимизда аниқ белгилаб берилган. Хўш, бу тоифадаги қонун нормалари тўлиқ ишлаяптими? Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 259-281-моддалари меҳнат низолари ҳамда меҳнат низолари комиссиясига бағишланган. Кодекснинг 262-моддасида корхона, муассаса ва ташкилотларда меҳнат низолари комиссиялари иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси органи томонидан тенглик асосида тузилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Аммо аксарият корхона, муассаса ва ташкилотларда бундай комиссиялар тузилмаган ёхуд номига тузилган. Тузилган меҳнат низолари комиссияларининг меҳнатга оид қонунлар ижро этилишини таъминлашдаги ўрни сезилмайди.

Шунингдек, кодекснинг 101-моддасида жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинаётган вақтда касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш белгиланган. Назаримизда жамоа шартномасида белгиланган ёки белгиланмаганидан қатъи назар кодексда ходимни касаба уюшмасининг розилигисиз ишдан бўшатиш мумкин эмаслигини белгилаб қўйиш керак.

Ваҳоланки “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда касаба уюшмалари қўмитасининг энг муҳим вазифаси ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш эканлиги белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тегишли органларининг аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларидан иш излаётган фуқаролар умуман қониқмаслигини билдирганлар. Назаримизда касаба уюшмалари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тегишли органларининг аҳолини иш билан таъминлаш, ишчи-хизматчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги вазифасини кучайтириш лозим. Хусусий корхоналар ва фермер хўжаликларида норасмий ишлаётган фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва кексайганда пенсия олиш ҳуқуқини таъминлайдиган қонун нормалари ишлашини таъминлаш чораларини тубдан қайта кўриб чиқиш керак.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 4-моддасида Конституциявий суд “Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди”, деб белгиланган. Конституциявий суднинг қонун ости ҳужжатлари Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш, давлат ва жамият ҳаётидаги таъсир доирасини ошириш, фаолияти очиқ ва шаффофлигини таъминлаш зарурати вужудга келган. Шу сабабли Президентнинг 2018 йил 8 августдаги  фармонида ҳам Конституциявий судга мурожаат этиш тартибини такомиллаштириш механизмини жорий этиш алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасининг  “Судлар тўғрисида”ги Қонунига  киритилган ўзгартишларга биноан фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий судлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Тегишли қонунлар қабул қилинишига қарамасдан амалиётда масаланинг қайси судда ҳал этилиши борасида аҳолида тушунмовчилик ва сарсонгарчиликлар мавжуд. Фуқаролик, иқтисодий судларда бир масала бўйича суд қарорларининг бир неча марта ва турлича ўзгартирилиши ҳамда кўп йиллар давомида якуний тўхтамга келинмаслик ҳолатлари учраб туради.

“Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунни самарали ишлатиш, инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилларининг фаолиятини жонлантириш лозим. Минтақавий вакиллар фуқаролар мурожаатини фақат   бошқа ташкилотларга юбориш билан шуғулланмасдан, мутахассислар жалб қилган ҳолда мурожаатларни шахсан кўриб чиқиб, қонуний ва адолатли ҳал этилишида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда олдинги сафда туришига эришишимиз керак. Амалиётда бузилган ҳуқуқи Вакилнинг минтақавий вакили аралашуви билан тикланган фуқаролар кам топилади.

“Прокуратура тўғрисида”ги Қонунда прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш эканлиги белгиланган. Қонуннинг 2-боби “Фуқаронинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя этилиши устидан назорат” деб номланади. Амалиётда прокуратура идоралари мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича фуқарога судга ёки тегишли органга мурожаат қилиш ҳуқуқи борасида тушунча бериш ҳолатлари кўп учрайди. Назаримизда пенсионерлар, ногиронлар, чин етимлар, ўзининг ҳуқуқ ва эркинликларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаган бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш прокуратура идораларига қатъий юклатилиши, бу тоифадаги фуқароларнинг мурожаатлари бўйича прокурорнинг судга даъво билан чиқиши шартлиги қонунга киритилиши керак.

Жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриш жараёнида жиноят натижасида етказилган зарар тўлиқ ундирилиши шартлигини қонунларимизга киритиш керак. Амалиётда жиноят натижасида жабрланувчига етказилган зарарни тергов ва суд жараёнида ундирмаслик, жиноят ишлари бўйича суднинг  ҳукмларида етказилган зарарни фуқаролик тартибида ундириш ҳуқуқи тушунтирилганлик ҳолатлари кўп учрайди.   Натижада жиноят оқибатида зарар кўрган инсон фуқаролик ишлари бўйича судда ҳам сарсон бўлиб юришига тўғри келади.

Бу каби нормалар қонун ости ҳужжатларида ҳам учрайди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 493-сон қарори 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 2-банд “б” кичик бандида “Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг қарорида назарда тутилган давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини бериш тартибига биноан барпо этилаётган муайян турдаги объектларни қуришга” Низом татбиқ этилмаслиги, яъни электрон аукционсиз ер майдони бериш мумкинлиги кўрсатилган.

Хўш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби дастурларни бажариш жараёнида назарда тутилган қишлоқ ва маҳаллаларда ер майдонларини электрон савдо майдончасидан ташқарида, яъни электрон аукционсиз бериш мумкинми? Дастур доирасида қишлоқ ва маҳаллаларни ободонлаштириш учун ер участкаларини бериш тартиби қандай? Саволларга жавоб йўқлиги қонун ҳужжатлари турлича қўлланиши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан тадбиркорлар ва аҳоли ўртасидаги муносабатларда низоли вазиятлар вужудга келишига сабаб бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 ноябрдаги “Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги 326-сонли қарорида автомобилларга газ тўлдириш олдидан ҳайдовчининг тегишли ҳужжатлари мавжудлигини аниқлаш, газ баллони яроқлилигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда газ қуйиб бериш мумкин эмаслиги ва 200 атмосфера босимидан юқори босимда газ қуйиб бермаслик белгиланган. Қарорнинг ушбу талабларига аксарият “Метан” сиқилган газ қуйиш шохобчаларида риоя қилинмаганлиги сабабли кўплаб ўлим билан боғлиқ ҳодисалар содир бўлмоқда. Назаримизда қонунларимиздаги бу борадаги жазо чоралари кучайтирилиши керак.

Барчамиз тараққий этган ҳуқуқий демократик давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамиятида яшашни истаймиз. Бу истак халқнинг салоҳияти, жипслиги ва ҳар бир фуқаронинг давлату жамият ҳаётидаги фаол иштироки натижасида амалга ошади. Эркин, мустақил ва танқидий фикрларни айтиш билан бирга мавжуд муаммоларнинг ечими борасида асосли таклифларни айтишни одат тусига айлантирмоқ зарур. Шунда ҳар бир масалада адолатли ечимга асос  бўладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар шаклланади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

Report typo