Инсон, меҳнат ва ҳуқуқ
Ўзбекистон Республикасининг "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги Қонуни 2019 йил 6 декабрь куни давлат раҳбари томонидан имзоланиб, расмий эълон қилинди. Жорий йил 6 мартдан кучга кирадиган мазкур ҳужжатнинг мақсади фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, шунингдек, касаба уюшмаларини тузиш ва улар фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ушбу қонун жорий этилиши муносабати билан 1992 йил 2 июлдан буён амалда бўлган "Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонун ўз кучини йўқотади.
Шу ўринда касаба уюшмаси тушунчаси ва тарихи ҳақида фикр юритсак. Касаба уюшмаси - фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоа бирлашмасидир. Бу бирлашмалар дастлаб XIX аср ўрталарида Англия, Германия ва сўнгра Россия давлатида йирик корхоналардаги ёлланиб ишловчилар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил топган ва шу вақтдан буён иш берувчи билан ёлланиб ишловчилар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф қилиш ва ёлланиб ишловчиларнинг ҳаракатини мувофиқлаштириш борасида ишлаб келмоқда.
Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг тарихи 1905 йил, яъни Бутунроссия темир йўл уюшмасининг Ўрта Осиё бўлими ташкил этилган вақтдан бошланади. Ўзбекистон касаба уюшмалари кенгаши 1924-1991 йилларда Бутуниттифоқ касаба уюшмаларининг марказий кенгаши таркибида бўлган. 1991 йилдан мустақил фаолият кўрсатиб келмоқда. Корхона, муассаса ва ташкилотларда ишловчи ишчи-хизматчиларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида эса "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди.
Хўш, янги қонун бу вазифани бажара оладими? Қурилиш ва кўплаб хизмат кўрсатиш ташкилотлари, кластерлар ва фермер хўжаликларида ишлаётганларнинг аксарияти норасмий равишда, мардикор тариқасида ишлаши сир эмас. Яқинда Тошкентда қурилаётган метрода бўлган бахтсиз ҳодисадан ҳамма хабардор. Прокуратура идораларида ишлаган вақтларимда мардикорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига кўп бора дуч келганман. Назаримда уларнинг ўз вақтида иш ҳақи олиши, меҳнат муҳофазаси, иш стажи ёзилиб, кексайганда пенсия олиши ва ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисага учраганда ўзи, фарзандлари нафақа олиши кафолатланмаган.
Қонунларимиз уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила оладими? Нега ишдан ноқонуний бўшатилганларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг роли деярли сезилмайди? Кўпчилик касаба уюшмаларини дам олишга йўлланма берувчи идора сифатида билишади, холос. Иш ҳақининг маълум бир миқдорини касаба уюшмасига доимий равишда ўтказган ходим қандай манфаат кўради? Бу каби саволларга жавобни янги қонундан излаб кўрсак.
Мазкур қонунга асосан касаба уюшмалари юридик шахсни ташкил қилган ҳолда, унинг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари юридик шахс мақоми билан ёки юридик шахс мақомисиз фаолият кўрсатади. Касаба уюшмалари адлия органларида рўйхатдан ўтказилган устав асосида ишлайди.
Қонунга мувофиқ меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва таълим олаётган фуқаролар касаба уюшмаларига уларнинг уставларига риоя этиш шарти билан аъзо бўлиш ҳуқуқига эга. Аъзолик ихтиёрийлик принципига асосланади. Касаба уюшмаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни давлат кафолатлайди. Уларнинг мулки дахлсиз. Касаба уюшмалари органларига сайланган ходимларга касаба уюшмасининг розилигисиз интизомий жазо қўллаш мумкин эмас. Қонун билан уларга бошқа бир қатор ҳуқуқ ва ваколатлар ҳам берилган.
Касаба уюшмалари ва уларнинг қуйи ташкилотлари ходимларнинг меҳнат ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда иштирок этишга ҳақли. Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси билан чиқиши мумкин. Албатта, қонуннинг ушбу талабини амалиётда кенгроқ қўллаш керак. Касаба уюшмалари ходимларнинг ноқонуний тарзда ишдан бўшатилишига қатъий равишда қарши тура олиши, меҳнат шартномаси тузмасдан мавсумий ишлаётганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам эътибор қаратиши лозим. Шу ўринда корхона, муассаса ва ташкилотларда меҳнат низолари бўйича комиссиялар деярли фаолият кўрсатмаётганини таъкидлаш жоиз.
"Касаба уюшмалари тўғрисида"ги Қонунда касаба уюшмаларига жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мурожаатлар ва сўровлар билан чиқиш, жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик эшитуви каби масалаларда ҳам ҳуқуқ ҳамда ваколатлар берилган. Ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ва бўлинмалари тузилмасида инспекциялар тузилади. Инспекциялар фаолиятига оид низом касаба уюшмаси ёки касаба уюшмалари бирлашмалари томонидан тасдиқланади. Инспекторларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳам белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва фуқароларимизнинг меҳнатига оид бошқа қонун нормаларига оғишмай риоя этилиши жамиятда кўплаб муаммолар пайдо бўлишининг олдини олади. Айниқса, чет элларга ишлаш учун кетган ҳамда юртимиздаги корхона, муассаса ва ташкилотларда норасмий тарзда, яъни мардикорлик қилиб ишлаётган фуқароларимизнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бугун энг долзарб вазифалардан бирига айланган. Меҳнатга оид амалдаги ва янги қабул қилинаётган қонунлар шу каби вазифаларни рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади.
А.ОМОНОВ,
вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари