Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноят ҳисобланади. Бу борада мунтазам равишда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, қонунбузарларга кескин чоралар кўрилаётганига қарамасдан, айрим кишилар била туриб шу ишлар билан шуғулланишни канда қилмаётгани афсусланарли албатта.
Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, бир неча кун аввал бошқарманинг контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Чироқчи туманида тезкор тадбир ўтказилган. Самарқанд-Чироқчи йўналишида ҳаракатланаётган "Cobalt" русумли автомашина шубҳа остига олиниб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Ушбу жараёнда Чироқчи туманида истиқомат қилувчи Ж.К.га тегишли гиёҳвандлик воситаси автомашина орқа ўриндиғи остига хуфёна тарзда яширилгани фош этилди.
Вилоят ИИБ эксперт хулосасига кўра, ашёвий далил таркибида гиёҳванд алкалоидлари - морфин, кодеин ва тебаин бўлган, жами соф оғирлиги 7,7 грамм опий гиёҳвандлик моддаси эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Н.ХЎЖАЕВ