Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

04.10.2019


ҚОРА ЛОЙДАН ЯРАТИЛГАН ГЎЗАЛЛИК

Касби кулолчилик мактаби ҳам юртимиз маданий меросида ўзига хос из қолдирган, бой тарих ва қадриятларга эга мактаблардан бири ҳисобланади. Бу ерда ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган кўплаб машҳур кулоллар яшаб ўтишган. Уларнинг авлодлари ота-боболари ҳунарини эгаллаб, бугун ҳам бу ишни давом эттириб келишмоқда. Ана шундай кулоллардан бири Касби қишлоғилик Муҳриддин Ўроқовдир.

- Лойдан мўъжиза яратишнинг ўзи бўлмайди, - дейди Муҳриддин. - Айтайлик, битта оддий кўзача тайёр бўлгунча, унга 20 марта ишлов берилади. Бу катта меҳнат ва сабр-тоқат, шу билан биргаликда юксак бадиий маҳорат ҳам  талаб қилади. Шу боис бу ишни ўрганиш учун қизиқиш, қобилият билан бир қаторда, йиллаб меҳнат қилиш лозим. Мен ҳам ёшлигимдан шу ишга қизиқиб, устахонадан чиқмасдим, доим нималардир ясашни машқ қилардим. Бугунги даражага келишимда яқинларим, устозларимнинг хизмати катта.

Муҳриддин кулоллар сулоласининг еттинчи авлоди вакили саналади. У ёшлигидан бобоси, амакилари ва отасидан бу касб сир-асрорларини пухта ўрганиб, айни пайтда ўзи мустақил фаолият олиб бораяпти. Аҳамиятли томони, меҳнаткаш, изланиш ва интилишдан тўхтамайдиган ёш кулол ясаган ва миллий услубда безатилган турли кулолчилик буюмларини кўрган кишининг кўзи қувнайди.

Яқинда Қўқон шаҳрида ўтказилган халқаро ҳунармандчилик фестивалида дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан машҳур ҳунармандлар иштирок этган нуфузли кўргазмада Муҳриддин ясаган буюмлар ҳам кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.

- Кулолчилик аслида ҳаёт тақозоси, турмуш эҳтиёжи сифатида юзага келиб, аждодларимизнинг оддий лойдан турли хил рўзғор буюмлари, ўйинчоқлар, қурилиш ашёлари ясаш ишини юксак эстетик дид, заргарона маҳорат билан бажариши эвазига халқ амалий санъати даражасига кўтарилган, - дейди Муҳриддин. - Маҳоратли кулол ясаган ҳар қандай буюм ҳам кўзни қувнатиб, ҳам фойдаланиш учун қулай, сифатли бўлиши лозим. Ана шу икки жиҳатни бир буюмда мужассам эта олган кулол ҳеч қачон ютқазмайди. Бунга халқаро ҳунармандчилик фестивалида яна бир бор амин бўлдим. У ерда дунёнинг кўплаб давлатлари ҳунармандлари томонидан олиб келинган санъат асарлари билан танишдим. Уларни ўзимизнинг Касби кулоллари яратган кўза, хум, офтоба, гултувак, суттувак, тунгча, гавдуша каби  буюмларга солиштириб кўрдим. Тўғри, дунёга  машҳур кулоллар ва ҳунармандлар яратган буюмлар усти сирлангани, ялтироқлиги билан киши диққатини тортади. Касби кулолчилиги намуналари эса сирланмайди, асл ҳолда бўлади. Чунки бундай буюмлар фойдаланиш учун жуда қулай. Масалан, бизнинг кўза ва хумларда ёзнинг жазирамасида ҳам сувни салқин ҳолда сақлаш мумкин. Сут, қатиқ ва қаймоқни солиб қўйсангиз, сира бузилмайди.

Муҳриддин Ўроқовнинг таъкидлашича, ҳунармандчиликнинг ушбу турини сақлаб қолиш, уни келгуси авлодлар ҳам давом эттириши учун бугунги рақобат муҳитига мослашиш, аҳоли эҳтиёжлари учун зарур буюмларни тайёрлашга кўпроқ эътибор қаратиш лозим.

- Ҳозирги кунда тандир, турли гултуваклар ҳамда рўзғор учун керакли буюмларни ясаяпмиз, - дейди у. - Маҳсулотларимиз ўз харидорига эга. Чунки бундай буюмларни энг замонавий технологиялар ёрдамида ҳам маҳоратли кулол каби  ясаб бўлмайди. Уларнинг ҳар бирида кулолнинг меҳнати, санъати, истеъдоди акс этиб туради. Ана шунинг учун ҳам қўлда ясалган буюмлар доимо қадрланади.

Сир эмаски, бугунги кунда миллий ҳунармандчилик туризм жабҳасининг ҳам асосий тармоқларидан бирига айланиб бормоқда. Юртимизга ташриф буюрадиган ҳар бир сайёҳ, албатта, ҳунармандларимиз томонидан яратилган, халқимизнинг миллий қадриятларини ўзида акс эттирган буюмларни ҳайратланиб томоша қилади, уларни харид қилиб, юртига олиб кетади. Муҳриддин Ўроқов келгусида бу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, Касби кулолчилик намуналарини ўзида акс эттирган турли сувенирлар тайёрлаш, уларнинг кўргазмаларини ташкил этишни ҳам режалаштирган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo