Қашқадарё одамлари
- Тур, болам, менга ёрдамлашиб юбор. Девнинг боласини ушлаб тур.
Муборак туманининг Қорақум маҳалласида яшовчи Гулбодом Ўтаганова ҳар тонг кенжа ўғлини шундай уйғотади.
Бу юмуш эса болакайнинг жону дили. У ширин уйқудан дарров воз кечиб, ўрнидан ирғишлаб турганча оғилхона томон югуради.
Дев деганимиз оилага тегишли туялардан бири. У бошқа туяларга нисбатан жуда катталиги, баҳайбатлиги учун Дев лақабини олган. Лекин ўзи ҳам, бўталоғи ҳам жуда ёввош. Болакай шу боис бўталоққа ўзгача меҳр қўйган. Онаси Девни соғиб бўлгунча бўталоқни ушлаб туриш баҳонасида у билан мириқиб ўйнаб олади.
- Бизнинг Қорақум маҳалламизда туячилик анча ривожланган, - дейди Гулбодом Ўтаганова. - Кўпгина оилалар туя боқиб, унинг сутини сотиб даромад қилишади. Биз ҳам етти йил аввал бир нечта туя харид қилиб, шу фаолиятни йўлга қўйган эдик. Ҳозирги кунда туяларимиз бош сони 30 тага етди. Айни пайтда шундан 9 таси соғинда. Ҳар куни 40-50 литр сут соғиб оламиз. Бу ўртача 2 миллион сўм даромад дегани.
Таъкидлаш жоиз, туя сути бошқа ҳайвонлар сутига қараганда анча шифобахш ҳисобланади. Масалан, туя сути таркибида В1, В2 витаминлари, темир, фосфор, олтингугурт, кальций моддалари, айниқса, С ва Д витаминлари сигир сутиникига нисбатан уч баробар кўп бўлади. Бундан ташқари, туя сутида бошқа ҳайвонлар оқлиғида учрамайдиган инсулинга ўхшаш оқсиллар бўлади. Бу эса қандли диабетни даволашда асқатади, ундан доим тамадди қилиб турган беморлар қонида шакар миқдори кўпайиб кетмаслигининг сабаби ҳам шунда. Қолаверса, туя сути таркибида альбумин моддаси бўлиб, у жигар хасталигини даволовчи табиий дори ҳисобланади. Мутахассислар туя сутининг жигарни даволовчи хусусиятини алоҳида эътироф этишади.
Мана шуларга кўра, туя сутига талаб юқори. Гулбодом Ўтаганова ҳамда турмуш ўртоғи Шерзод Тўхтаев ҳам бунга эътибор қаратиб, уйи ёнида мижозларнинг вақтинчалик яшаб, туя сути ичиб даволаниши учун шарт-шароит ҳозирлаб қўйибди.
- Туя сути янги соғилган вақтида ичилганда унинг шифобахшлик хусусияти янада юқори бўлиши айтилади, - дейди оила бошлиғи Шерзод Тўхтаев. - Шу боис мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган мижозларимиз бир неча кун давомида шу ерда туриб, туя сути ичишади. Аввал бунинг учун шароитимиз йўқ эди, лекин кейинчалик мижозларнинг сўрови билан қўшимча иморат қуриб, уларнинг вақтинчалик шу ерда яшаб, ўз вақтида туя сути ичиб даволаниши учун шароит яратдик.
Муборак тумани ҳокими ўринбосари Содиқ Сафаровнинг таъкидлашича, келгусида туячиликни ҳам туманнинг драйвер соҳаларидан бирига айлантириш мақсад қилинган. Масалан, айни вақтда тумандаги 16 та хонадонда жами 128 бош туя боқилмоқда. Уларнинг барчаси бу фаолиятдан яхши даромад олаяпти. Бундай оилаларни кўпайтириш ҳисобига жорий йилнинг ўзида ҳудуддаги туялар бош сонини 300 тага етказиш режа қилинган.
Собир НАРЗИЕВ
Муаллиф олган суратлар.