Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида берилган бу таърифнинг ўзиёқ “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони қай даражада нуфузли, юксак мукофот, мартаба эканидан дарак беради. Бу ҳазилакам натижа эмас. Бундай шарафга лойиқ кўрилиш учун инсон ўзида юксак фазилатларни мужассам этган бўлиши керак. Айни пайтда бу шараф 30 миллиондан ошиқ халқимизнинг эътирофи, ишончи ҳам дегани.
Ўзбекистон Қаҳрамони! Бундан 25-30 йил аввал оддий ўқитувчи ёки деҳқон бундай номга лойиқ кўрилиши ҳеч кимнинг тасаввурига сиғмасди. Мустақиллик туфайли инсон меҳнати, у кўрсатган фидойилик қадр топди. Давлат ва жамоат арбоблари қаторида педагог, чилангар, уста, шифокор, миришкор, чўпон каби касб эгалари ҳам Ўзбекистон Қаҳрамони бўлди.
Истиқлол йилларида вилоятимиздан ана шу унвонга муносиб кўрилган инсонлар мисолида ҳам бунга яққол гувоҳ бўламиз. 1995 йилда “Ўзнефтгазқазибчиқариш” давлат-акционерлик бирлашмаси “Муборакгаз” газ кони бошқармасининг нефть ва газ қазиб чиқариш оператори Бўрон Рўзиев, 1999 йилда Касби тумани Шароф Рашидов номли ширкат хўжалиги ижарачиси Ғайбулло Раҳмонов, 2001 йилда Муборак газни қайта ишлаш заводи темирчиси Қобил Мўминов, 2002 йилда Жейнов ширкат хўжалиги раиси Муродулло Саидов, 2006 йил шаҳрисабзлик темирйўлчи, 214-машиналашган темир йўл станциясининг йўл созловчиси Баҳодир Илясов, 2014 йилда Қамаши туманидаги “Бозор ўғли Абди” фермер хўжалиги бошлиғи Абдимурод Бозоров, жорий йилда эса Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернати математика фани ўқитувчиси Муҳаббат Шарапова Ўзбекистон Қаҳрамони деган номга мушарраф бўлишди.
Бўрон Рўзиев - оддий оператор, Қобил Мўминов - оддий темирчи. Улар ўша оддийгина меҳнати билан юртимизда нефть-газ саноатининг ривож топиши, янги-янги конлар очилиши, замонавий корхоналар бунёд этилиши, вилоятимиздаги, қолаверса, бутун республикамиздаги шаҳару қишлоқларнинг обод бўлишига ҳисса қўшди. Бунда, энг аввало, дахлдорлик туйғусини ҳис этиб меҳнат қилди ва шараф топди.
Ёки Ғайбулло Раҳмонов, Муродулло Саидов ва Абдимурод Бозоровни олайлик. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган бугунги ютуқларга улар фидокорона меҳнатлари билан, миришкорларга хос жасоратлари билан ҳисса қўшишган. Бу ютуқлар нафақат қишлоқ хўжалиги, балки бошқа соҳаларда ҳам муваффақиятлар қўлга киритилишига, пировардида, юртимиз гуллаб-яшнашига бир пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
- Қишлоқ хўжалиги соҳасида қарийб 50 йил меҳнат қилаётган бўлсам, бир пайтлар ер ҳам, деҳ-қон ҳам кун кўрмаган кунларни бошдан кечирганман, - дейди Абдимурод Бозоров. – Шукурки, мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳаммаси ўзгарди. Бир пайтлари пахта экиб кийимга, ғалла экиб, нонга ёлчимаган деҳқон мулкдор бўлди. Қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи кучга айланди. Истиқлол берган имкониятлардан унумли фойдаланиб, бир замонлар етти ухлаб тушимда ҳам кўрмайдиган саодат топдим. Эъзоз топдим. Меҳнатим қадрланди. 1999 йилда “Меҳнат шуҳрати”, 2008 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан, 2011 йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, 2014 йилда эса Ўзбекистон Қаҳрамони унвонлари билан тақдирландим. Бундан ортиқ бахт бўлиши мумкинми?!
Муҳаббат Шарапова юртимиз ёшларининг камолини кўриш учун, бунга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш учун тиним билмай изланаётган ўқитувчи. Унинг юздан ортиқ шогирди устозининг ортидан бориб, мамлакатимизнинг турли таълим муассасаларида математика фанидан ёшларга сабоқ бериб келмоқда. Яна юзлаб ўқувчилари фан, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик соҳаларида самарали меҳнат қилиб, ютуқларга эришмоқда. Бу ютуқлар битта-битта қўшилиб, мамлакатимиз тараққиётида аҳамият касб этаяпти ва уларнинг замирида, энг аввало, Муҳаббат Шарапованинг ўша “қўшиш”, “айириш” амалларидан бошлаб ўргатган сабоқлари ётибди.
-Ҳар бир ўқувчимнинг ютуғидан қалбим фахрга тўлади, - дейди муаллима. – Улар орасида кўплаб халқаро миқёсидаги ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, ўз соҳасида катта муваффақиятга эришаётганлар, юксак давлат мукофотларига сазовор бўлганлар борлигидан, шогирдларим бугун эл корига яраётганидан қалбим ғурурга тўлади. Камтарона меҳнатларим Юртбошимиз, халқимиз томонидан қадрланиб, Ўзбекистон Қаҳрамони деган унвонга муносиб кўрилганимдан қалбимда чексиз миннатдорлик туяман.
Тарихдан маълумки, қаҳрамонлик тушунчаси одатда жангларда жасорат кўрсатганларга нисбатан ишлатилади. Минг шукурки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо ва бизнинг Қаҳрамонлар Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтиришга, ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга улкан ҳисса қўшганлар орасидан танланади. Уларни халқимиз Қаҳрамон деб билади ва қадрлайди. Уларнинг ҳаёт йўли, элнинг корига камарбасталиги, улардаги шу юртга дахлдорлик билан яшаш ҳисси айниқса ёш авлод учун ибрат мактабидир.
Толиб ТЕМИРОВ