Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Байрам АЛИ

07.01.2020


ҚОРБОБО

Воқеий ҳикоя

Ғуломжон байрам куни ҳам кечга қадар ишлади. Ўзича гоҳ шу куни тиқилинч қилиб туриб олган бизнес-ҳамкорлардан нолиса, гоҳ бу ишни байрамдан кейинга қолдиришга кўнмаган бошлиғини койирди.

 Ниҳоят, анча қоронғи тушиб қолган бир пайтда ишларини якунлаб, шошилиб уйига қайтди. Аксига олиб болаларига Қорбобо билан келишни ваъда қилиб қўйганди. Ўзи биладиган бир-икки жойларга борди, Қорбобо йўқ. Борлари ҳам аллақачон хизмат олиб бўлишган.

Қорбобо топа олмаган Ғуломжон чорасиз аҳволга тушиб қолди. Нима қилади энди?.. Катта ўғли-ку тушунар, аммо кичкина қизлари Қорбобони интиқ кутиб ўтиришибди. Эрталаб роса ишонтирган эди-да ўзиям. Энди нима баҳона топади?..

Азбаройи боши қотганидан юрсамми, юрмасамми дегандек истар-истамас қадам билан уйи томон келаркан, кўчада кетаётган бир Қорбобони кўриб қолди. Югурганча унинг ортидан етди.

- Ассалому алайкум, Қорбобо! - деди у ҳам мамнун, ҳам ялинганнамо оҳангда. Қорбобонинг тихирлик қилиб қолиши, охирги умидни ҳам йўққа чиқариб қўйишини истамаётган эди-да.

Қорбобо аввалига унга бироз тикилиб турди. Сўнг ўзича салмоқлаб жавоб қайтарди.

- Ва алейкум ассалом.

Ғуломжон Қорбобога разм солди. Жуссаси кичиккина, кийимлари ҳам ўзига катталиги кўриниб турибди, бунинг устига овози ҳам қандайдир хириллоқ, ёш болага ўхшайдими-ей...

Аммо унинг учун ҳозирча бу муҳим эмасди. Асосийси, Қорбобо бор. Болаларнинг олдида ёлғончи бўлмайди. Шу боис шошилган кўйи Қорбобони уйига таклиф қилди.

- Қорбобо, сизни учратганим яхши бўлди.  Ҳув анави "дом"да бизнинг уй. Шу ерга бирров кириб чиқсангиз. Хизмат ҳақини айтганингиздек қилиб бераман. Илтимос, йўқ деманг. Болаларга ваъда бериб қўювдим.

Қорбобо бироз қараб туриб, розиман ишорасида бош ирғади. Шундан сўнг улар деярли гаплашишмади. Ғуломжон Қорбобони эргаштириб, шу яқиндаги магазинга кириб чиқди. Уч фарзандига алоҳида-алоҳида совғалар олиб, Қорбобонинг қопига жойлади. Шундан сўнг уни уйга бошлади.

Икковлон подъездда Ғуломжоннинг тўртинчи қаватдаги уйига чиқиб бораркан, Қорбобо зинадан кўтариламан деб ўзига катта келиб турган яктаги этакларини босиб қолиб, тоза сарсон бўлди. Ниҳоят, эшик қўнғироғи босилди. Қорбобони, ундан ҳам кўпроқ дадасини кутаётган қизчалари пешвоз чиқишди. Аммо ўғли кўринмасди. Буни сўрашга улгурмай Қорбобо ва қизлари рақсга тушиб кетди. Совғалар тарқатилди. Ҳамма хурсанд. Уларнинг ўйинига чапак чалаётган хотини секин қулоғига шипшиди.

- Ота-бола қаерда топишдинглар?

Ғуломжон тушунмади.

- А, лаббай? - дея яна қулоқ тутди хотинига.

- Ўғлингизни айтаман, сиз келавермагач сингилларим хафа бўлмасин деб, бир ўртоғидан Қорбобонинг кийимларини олишга кетувди. Қаерда дуч келиб қолдингиз?

Ғуломжоннинг бутун вужуди музлаб кетгандек бўлди. Аввалига бироз карахт аҳволга тушиб, сўнг секин Қорбобога қаради. Ҳам дадасини чув туширганидан, ҳам сингилларини хурсанд қилганидан севинчи ичига сиғмаётган Қорбобо эса арча атрофида гир айланиб ўйнар, икки синглиси билан байрамни роса қиздираётганди.

Байрам АЛИ

 

 

 

 

 

 

Report typo