Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

17.04.2018


ҚОРИ ИШКАМБА КИМ ЭДИ?

* * *

"Мен хоҳ ҳафтада бир марта соч олдирай, хоҳ икки ойда бир, бунинг сизга ҳеч бир алоқаси йўқ. Менинг сочим хоҳ ўсиб кетган бўлсин, хоҳ ўсмаган бўлсин, сиз бир марта устара урасиз, узун соч учун икки марта устара ишлатмайсизки, меҳнатингиз ортиқ сарф бўлса. Агар мен соч олдириш ҳақини бошқалардан кўра камроқ берсам, бу тўғрида шикоят қилишга ҳақингиз йўқ, чунки ўзингиз кўриб турибсизки, бошимнинг ярмиси сочсиздир ва сиз у ерга ҳеч бир устара урмайсиз".

* * *

Азизулло Ҳисор урушида Амирнинг "галаботур" навкарлари қаторида ҳисорликлар сафига от миниб ҳужум қилган, ҳар бир қилич уришида ўн-ўн икки нафарни дарахт новдасидай қалам қилиб чопиб ташлаган бир қаҳрамон эди. Урушнинг айни қизиб турган чоғида оти шохлари бир-бировига ўралашиб кетган икки тут дарахти орасидан шаҳд билан ўтаётганида Азизуллонинг калласи шохларга илиниб, узилган. У ҳам тезлик билан отнинг бошини орқага қайтариб, ҳали қони совумаган ўз калласини шох орасидан ажратиб олиб, кифтига ўрнатганда, яна от чоптириб жангга кириб кетган... Мен ҳикоянинг бу ерини эшитганимда Раҳими Қандга дедим:

- Хайриятки, Азизулло ўз калласини кифтига ўрнатганда тескари қўймапти, бўлмаса, кўзлари орқа томонида бўлиб, ҳаётда қийналиб юрган бўларди.

* * *

Ҳар ким бу одамдан қарздор бўлса, албатта бу одамдан пулнинг танини шарт қилинган фойдаси билан бирга биратўла олади, бундан бошқа у одамнинг қарздорлик муддати орасида кунда ёки кун ора оқшомда унинг уйига бориб, овқат қилади. Мана шу овқатини "навираси" деб атайди.

* * *

Бухоро миршабларининг одати - ўғридан қочмоқ, ўғрини тутмоқ эди. Агар биз қочсак, бизнинг тўғрилигимизни билиб, албатта қувиб тутарлар, агар қочмасак миршаб билан юзма-юз келиб, ўз-ўзимиздан қўлга тушар эдик.

* * *

 

- Лампани ёндириш учун гугурт сўрамай, нега лампа сўрадингиз? - деди бойвачча Қорига.

- Ҳисоб юзасидан, - деди Қори Ишкамба, - ҳар кеча уйимда бир дона гугуртдан ортиқ сарф бўлмаслиги керак, хоҳ ўчоқ бўлсин, хоҳ чироқ, бир-бировларидан ёндиришлари лозим. Шу ҳолда менинг қўлимдаги беш-ўн танга пулни одамлар "фойдахўрликдан топган" деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, мен ҳар бир нарсамни тежашдан, харажатда исроф қилмасликдан топганман.

- Агар лампани чиқариб туширишда унинг шишаси синса, "мумсикнинг харжи икки баравар" деган мақол тўғри бўлиб қолади, - дедим мен.

- Синган шишанинг зарари менга эмас, у лампанинг эгаси бўйнига тушади, - деди Қори Ишкамба.

* * *

"Хотинларим тиккан дўппиларни мен улардан кўтарасига баҳолаб оламан. Сўнгра бозорга олиб бориб "ошналарим" орқали чакана нарх билан сотаман, кўтара нарх билан чакана нарх орасида бўлган фарқ менинг чўнтагимга киради".

* * *

"Сиз каби шаҳар кишиси ҳам қишлоқ билан кўп олди-берди қила олмайди, чунки қишлоқнинг паст-баландини билмайди. Қишлоққа чиқиб судхўрлик ҳавосига тушиб, ўз пулини кўмдириб қайтган бир неча шаҳарликни кўрганман, қишлоқ халқидан фойдаланиш учун қишлоқи бўлиш керак, "туя гўшти учун ит тиши керак" дейдилар. Агар ит тишига бўрининг ҳам тиши қўшилса, туя гўшти жуда ҳам покиза қилиб осонлик билан ейилади".

* * *

"Энди бу ерда кутиб ўтиришнинг фойдаси йўқ, балки зарари бор, чунки, бу ерда бундан ортиқ қолсам "худойи" жанозаларнинг "йиртиш"идан маҳрум қоламан, фойдасиз бир жойда туриб, фойдани қўлдан бериш ақлсизларнинг иши. Ҳали ҳам менга анча зарар бўлди: бу ерда ўтириб, ижарачимнинг паловидан қолдим".

* * *

- Сиз ўз уйингизда ҳам ош еганмисиз? - деб сўрадим.

Қори Ишкамба сира ўйламасдан, ҳозиржавоблик билан:

- Сира емаганман. Модомики, ошналар  уйида тайёр ош топилар экан, нега ўз уйимда қозон-товоқ қилиб ўтирай? Нега юз минг машаққат  билан топган пулимни бекорга исроф қилай.

* * *

Илдизи сувдан бўлган дарахтдан мева умид қилиш мумкин.

* * *

Муомалада от бўлинг, ит бўлманг! Отлар ўзаро келишгандан - ҳингиллашгандан кейин "у кўп еди, мен оз едим" деб қайғуриб ўтирмайди. Бириси ем ея берса, иккинчиси унинг бўйнини ўпиб, қашиб туради, аммо қанча итлар иноқ бўлсалар ҳам, кўзларига бирор суяк кўринган ҳамон, дарров дўстликни унутиб, бир-бирлари билан олишадилар-талашадилар ва уришадилар.

* * *

Қори-Ишкамбанинг ўн минг тангаси "Кавказский меркурий" директорининг бир "пуфи" билан кўкка совурилиб кетгандан кейин, у, кўчаларда "вой-вой"лаб юрар, дуч келган одамни йўлдан тўхтатиб, юзинчи марта бўлса ҳам, бу ҳодисани унга ҳикоя қилар ва саройбон, қозикалон, қушбеги ва директорни қарғар, энг охирида ўзини "нега у саройбонга ишондим, нега уни ўзимга сирдош қилдим" деб сўкарди. "Одам деган пул тўғрисида ётларгагина эмас, ўзига ҳам ишонмаслиги керак", дер эди ва "бундан буён ўзимга ҳам ишонмайман", деб ўзига ўзи сўз берарди.

 

Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Report typo