Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Зоҳида ЙЎЛДОШЕВА

09.03.2018


ҚОШ БИРЛА КЎЗИНГ ЯХШИ, ЁНОҒИНГ ЯХШИ

Айниқса, буюк бобокалонимиз, ғазал мулкининг султони бўлмиш Мир Алишер Навоий асарларида Шарқ аёлларининг барча гўзал фазилатлари ўз ифодасини топган. Аёлҳақида фикр юритар экан, Навоий "Маҳбуб ул-қулуб" асарида шундай ёзади: "Яхши хотин - оиланинг давлати ва бахти. Уйнинг озодалиги ундан, уй эгасининг хотиржам ва осойишталиги ундан.

Ҳуснли бўлса - кўнгил ёзиғи, хушмуомала бўлса - жон озиғидир. Оқила бўлса, рўзғорда тартиб-интизом бўлади, асбоб-анжомлар покиза ва саранжом туради. Киши бу каби жуфтиҳалол билан бахтга эришса, ғам ва кулфатда сирдошга, ошкор ва пинҳоний дард аламда ҳам дардкашга эга бўлади. Турмушда бошингга ҳар қандай жафо тушса, ҳам дардинг у, тескари айланувчи фалакдан бошингга гар бало келса, кўмакдошинг у. Кўнглингга ғам юзланса, у ҳам ғамнок, баданингга хасталик ва заифлик етишса, унинг ҳам жониҳалак".

Ўтмишнинг чиркин ақидаси бўйича, "ақли калта", "ожиза", "заифа", "эрнинг қули" деб тан олинган аёл - она Навоийнинг назмий ва насрий асарларида буюк зот даражасида кўрсатилади:

Оналарнинг оёғи остидадир,

Равзаи жаннату жинон боғи.

Равза боғи висолин истар эрсанг,

Бўл онанинг оёғи туфроғи.

Навоий бу борадаги қарашларини давом эттириб, ўзи яшаган даврнинг зулми остида эзилиб яшаган аёлларнинг қаддини кўтариш учун улар ҳақидаги илғор фикр ва орзуларни юксак бадиий шакл ва бўёқларда, ўзига хос бадиий воситалар орқали ифодалади. Аёлларга феодалларча қарашни танқид қилди. Аёлларнинг бетимсол образларини яратиб, ўзининг ҳаётий ва романтик орзуларини қуйидагича ифодалади:

Қош бирла кўзинг яхши, ёноғинг яхши,

Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши,

Енг бирла менгинг яхши сақоқинг яхши,

Бир-бир не дейин бошдин то оёқинг яхши.

Яна бир жиҳатга ҳам эътибор қаратиш лозимки, Навоий ўз даврининг кўплаб ижодкорларидан фарқли равишда аёлни нафақат гўзаллик, севги тимсоли ва маҳбуба сифатида кўради, балки ўз қаҳрамонлари воситасида аёл сиймосидаги қатъият ва жасоратни ҳам, билим ва тадбиркорликни ҳам теран ифодалаб беради. Унинг қаҳрамонлари керак бўлса айрим ўринларда эркаклардан кўра кучлироқ, ақллироқ ва узоқни кўра билишга қодирдир. Навоийнинг Лайлиси эркин севгини истайди, ўз даврининг чиркин урф-одатларига лаънатлар ўқийди. Шоир ўз даврининг оғир кунларни кўрган, эзилган ва хўрланган аёллар дардини Лайли тилидан шундай ифодалайди:

Лайлики балойи фурқати бор,

Ики Мажнунча меҳнати бор.

Умр анга ғалатҳавасдур охир,

Жон тарки ажаб эмасдур охир!

"Фарҳод ва Ширин" достонидаги Меҳинбону эса адолат ҳомийси, давлат бошлиғи, буюк истеъдод эгасидир. Аёллардан тадбиркор, олима, давлат арбоблари чиқишига ишонган Навоий ўз қарашларини айнан Меҳинбону образи орқали ифодалаб беради.

Меҳинбонуки донишпарвар эрди,

Билик аҳлига шоҳи сарвар эрди.

"Садди Искандарий" достонида ҳам Искандарнинг Чин мулкига юришиҳақида гап борганда лубати чиний (Чин гўзали)нинг латофати ва ҳарбий санъатдаги маҳорати қаламга олинади. Бу қиз жасур, паҳлавон, мард, жангларда ўз матонати билан душманларга қарши курашиб, ғалаба қилган мукаммал қаҳрамон аёл тимсолидир.

Хулоса қилиб айтганда, Алишер Навоий ўз асарларида давр олдига муҳим ижтимоий муаммоларни қўя билди. Шоирнинг беш аср аввал айтган орзу-ўйлари бугун мустақил мамлакатимизда ўз ижобатини топмоқда. Аёлларимизнинг барча ҳуқуқлари мамлакатимизнинг Бош қомуси орқали мустаҳкамлаб қўйилган. Жамиятнинг барча жабҳаларида фаоллик кўрсатиб, юқори марраларни қўлга киритаётган аёлларимиз сони кўпчиликни ташкил этади.

Зоҳида ЙЎЛДОШЕВА,

Қарши қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

Report typo