Туркиялик эркак 24 йилдан буён севган аёлини йўл четидаги автобус бекатида кутмоқда. Бу ҳақда Haber7 маълум қилган.
Синоп шаҳрилик 48 ёшли Эжевит Окюзлуга маҳаллий аҳоли "Ошиқ Эжевит" лақабини берган. У қарийб чорак асрдан буён севганини автобус бекатида кутади. Ҳамон ўз севгилисини шу ерда учратишидан умид узмаган ошиқ ҳамма вақтини, ҳатто энг совуқ пайтларда ҳам бекатда ўтказади.
Ўз юк автомобилида бекат ёнидан тез-тез ўтадиган Севги Олтинал эркакни пайқаб қолиб, унга ёрдам беришга қарор қилган. Ҳайдовчи аёл Ошиқ Эжевитга йилнинг совуқ вақтларида бошпана бўлиши учун ихчамгина контейнер уй совға қилган ва маҳаллий аҳолини уни ёлғиз қолдирмаслик ҳамда кундалик эҳтиёжларига ёрдам бериб туришга чақирган.