Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўткир ҒУЗАРОВ

27.01.2017


ОСОЙИШТА ЯШАШ ИСТАГИ

Муқаддас ислом дини ўз номи билан тинчлик динидир. Ислом таълимотидаги асосий даъват инсонларни тинчликка чақириш, Ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъи назар ўзаро ҳурмат-иззат кўрсатишга чорлашдир. Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 208-оятида Аллоҳ таоло инсониятни ёппасига тинчликни қарор топтириш ишига киришишга буюрган. Тафсир китобларида келтиришича, оятдаги биргина “коффатан” сўзи бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини англатади.

Маълумки, инсонлар ҳаёти давомида ўз мақсадларига етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тарзининг бир меъёрда бўлишини ифода этади.

Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, қадриятлар барҳаёт ва мустаҳкам бўлади. Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги юксалади, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади.

Эътиборлиси, тинч-осойишта яшаш истаги халқимизнинг кундалик одатларига сингиб кетган. Хусусан, ҳар бир киши кўришганида ўзаро саломлашади, шу орқали бир-бирига тинчлик-омонлик тилайди. Дуо қилса, Яратгандан хонадонларимизни тинч, юртимизни обод қилишини сўраб юзига фотиҳа тортади. Ҳар бир яхшилик, эзгулик устида тинчлик бўлсин, дея келажак учун яхши ниятлар қилинади. Топганини тўйларга атайди, чунки тўй тинч ва фаровон кунлар боис ўтадиган тантанадир. Оилада фарзанд туғилса, гўдакка узоқ умр, баланд мартаба тиланади, унинг бахтига юртда абадий тинчлик ҳукм суриши сўралади.

Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилади, хусусан, “Исро” сурасининг 83-оятида тинчлик-осойишталик неъмати учун шукур қилиш хусусида Аллоҳнинг кўрсатмаси келтирилган.

Қайд этиш лозимки, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга путур етказишдан сақланишлари ҳам лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликдай улуғ неъмат йўқ. Буни дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар мисолида кўриб турибмиз. Урушдан боши чиқмаётган, оқибатда юртдан барака қочган давлатлар тақдири бунга мисол. Бу ўлкаларда поён билмаётган уруш-жанжаллардан ким жабр кўраяпти? Албатта, халқ – ўзи истаганидай яшай олмаяпти, билим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари чекланган, келажак ҳақида орзу-ният қилиш тугул, бугуни тинч-осойишта ўтса, болаларининг жони омон бўлса бўлди уларга. Бундай шароитда тараққиёт, гуллаб-яшнаш, фаровонлик ҳақида сўз бўлиши мумкинми?

Пайғамбаримиз (с.а.в.) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, дея бежиз таъкидламаган.

Айнан шу мазмунни Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан”, дейдилар (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз бошқа бир муборак ҳадиси шарифларидан бирида: “Икки неъмат борки, кўпгина инсонлар бу неъматлардан бебаҳрадурлар. Булар тинчлик ва саломатликдир”, деб тинчликнинг нақадар бебаҳо неъмат эканини билдирганлар.

Тинчликни, oзoдликни вa миллий истиқлoлни oрзу қилиб, aзиз жoнлaрини фидо этган қанчадан-қанча аждодларимиз ўтиб кетдилар. Бугун дунёнинг кўплаб бурчакларида тинчликни, осойишта тонгни орзу қилиб яшаётганлар сон миллионта. Шундай экан, юртимизда истиқлол берган энг улуғ неъмат – тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғимиздай асрашимиз, унинг янада мустаҳкам, барқарор ва бардавом бўлишига ўз ҳиссамизни қўшиб яшашимиз даркор.

Ўткир ҒУЗАРОВ, Хожа Бухорий номидаги ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Report typo