Қайд этиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кейинги вақтларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Бунда мамлакатимизда ташкил этилган ички ишлар органлари профилактика хизматининг алоҳида ўрни бор.
Ўзбекистон Республикасининг яқинда кучга кирган "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонуни нафақат ички ишлар органлари фаолиятига оид муҳим ҳуқуқий асос, балки фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ошишига пухта замин яратди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ҳафтанинг пайшанбаси профилактика куни, деб эълон қилингани соҳадаги ишларни тизимли йўлга қўйишга туртки бўлди. Шу асосда содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказилаётгани аҳолини ҳушёрлик ва огоҳликка чорламоқда. Ўқув муассасаларида ўтказилаётган профилактик тадбирлар доирасида ёшлар тўғри йўлдан чалғимаслигининг таъсирчан чоралари кўрилмоқда.
- Президентимизнинг профилактика хизматини янада такомиллаштиришга қаратаётган эътибори зиммамизга катта масъулият юкламоқда, - дейди танлов ғолиби Миркомил Муродов. - Айниқса, профилактика кунларининг ўтказилаётгани, "Ўқувчи", "Давомат" ва "Ўсмир" каби тадбирларнинг мунтазам ташкил этилаётгани ёшларимизни турли ёт ғоялар ва оқимлар таъсиридан асраш, жиноят кўчасига қадам босишининг олдини олиш, асосийси, коллеж ва мактабда ўқувчиларни дарсга тўлиқ жалб этиш имконини яратди. Бунинг самарасида 2016 йилда ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳалламизда бирорта жиноят содир этилмади. Бугунги эътибор ва рағбат эса бизни янада руҳлантириб, астойдил меҳнат қилишга ундайди.
Шоҳиста БОЗОРОВА