Ўзбекнинг озар фарзанди Мақсуд Шайхзоданинг мазкур сатрлари яратилганига ҳам қарийб ярим аср бўлди. Замирида ўтаётган умр сарҳисоби, бугундан розилик, эртадан умидворлик ифодаланган мазкур шеър кишини беихтиёр ўйга толдиради.
Чиндан, илгарилаб бораётган вақт чархпалаги сизу биздан истак ё имкон сўраб ўтирмайди. Нимани қилишга улгурдик, яна нимани режалаштирганмиз, унга қизиғи йўқ: белгиланган фурсатларни бир-бир босиб ўтаверади. Биз эса, шоир айтганидек, “йилларнинг саломин йилларга элтиб”, вақт ортидан қараб қолаверамиз...
Мана, шиддатли воқеалар, гоҳ қайғули, гоҳ қувончли ҳодисалар қуршовида кечган 2016 йил ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Дунё миқёсида олиб қаралганда, бу йилнинг қиёфаси уруш гирдобида қолган ҳудудлардаги вазиятни ўнглаш йўлида олиб борилаётган ҳаракатлар ва уларда бироз бўлса-да, ижобий натижаларга эришилгани, сайёра экологик ҳолатини яхшилаш йўлидаги муҳим қадамлар, шунингдек, йўқотишларда ўз аксини топади. Бу йўқотишлар халқимизни ҳам четлаб ўтмади. Биринчи Президентимиз, Мустақиллик меъмори Ислом Каримов вафоти, Ўзбекистон халқ шоирлари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов ҳамда Абдулла Ориповнинг орамиздан бевақт кетиши юртдошларимизни чуқур қайғуда қолдирди. Буюк Йўлбошчисидан айрилган халқ муҳим сиёсий жараён – Президент сайловини якдиллик, ҳамжиҳатлик билан, демократик тамойиллар асосида, ўзаро бирдамлик руҳида ўтказди. Бу эса, кўплаб чет эллик мутахассислар таъкидлагани каби, халқимиз тараққиётнинг ўзига хос йўлини танлагани ва шу йўлдан дадил бораётгани, ҳуқуқий демократик жамият барпо этишдек эзгу мақсад билан жипсликда ҳаракат қилаётганининг ёрқин далили бўлди. Халқ эртаси бугунидан-да нурафшон кечишига бўлган ишончини йўқотмади. Ўтганлар руҳи ҳамиша биз билан ёнма-ёнлиги, қилаётган ҳар бир ишимиз, қўяётган қадамимиз, айтаётган сўзимизда уларнинг нигоҳи, фикру ўйлари, нияту орзулари мужассам экани эса барчамизга янада янги куч, ғайрат бахш этиши табиий.
Инсон табиатида бир хусусият - келажакни олдиндан билишга қизиқиш азалдан мавжуд, бу унинг қон-қонига сингиб кетган. Келаётган йил билан боғлиқ башоратларни шунинг учун ҳамиша жон қулоғи билан тинглайди, гўё ўз-ўзини бўлажак воқеа-ҳодисаларга тайёрлайди. Шундан келиб чиқиб, таҳлилчилар, башоратчилар келаси йил учун илмий асосланган ҳамда тахминий башоратларни эълон қилишмоқда.
Ўтган йил мучал бўйича оловли маймун йили бўлган бўлса, 2017 йил оловли хўроз мучали ҳукмронлигида ўтади. Айтилишича, хўроз йили кўпинча бошқа йилларга кўра бирмунча тинч-осойишта ўтади. Таҳлилий хулосаларга кўра, келаси йили дунёнинг беҳаловат ҳудудларидаги талотўплар ниҳоясига етиши, тинчлик ҳукм суриши, кўплаб муҳим муаммолар ечимини топиши кутилмоқда. Энг муҳими, келаётган йилда табиат ва инсон муносабатларида ижобий ўзгариш рўй бериши, иқлим ўзгаришларининг жиддий таъсирини сезиларли равишда юмшатиш мумкинлиги башорат қилинмоқда.
Шу билан бирга, мутахассислар жаҳон иқтисодий инқирозининг ниҳоясини ҳам шу йилда кўришаяпти. Тез орада кўпгина давлатлар инқироз таъсиридан қутулиб, барқарор иқтисодий вазиятга эришадилар. Техникавий тараққиёт янада юксалиши, бунинг натижасида ҳаётимизга янги-янги қурилмалар, қулайликлар кириб келиши кутилаяпти. Йил турли қизиқарли воқеаларга бой бўлиши, кишилар ҳаётида кутилмаган бурилишлар ясаши, давлатлар ўртасида кўпдан ечимини топмай келаётган муаммолар ҳал қилиниб, ижобий ўзгаришларга эришилиши айтилади. Хонадонларда фаровонлик ҳукм суради. Ҳар ҳолда, келаётган йилнинг баракали, унумли келиши кутилмоқда. Бу эса, шаксиз, қилинган ният, мақсадларга боғлиқ.
***
Инсон йилдан йилга улғайиб бораверади. Болалигида йил ўтгани сари янги ҳаётий билимларни ўргангани, ўзи учун янги-янги кашфиётлар қилганидан севинади, тезроқ катта бўлгиси, ота-онаси, ака-опалари каби ҳамма ишни ўзи қилгиси келади. Улғайгани сари эса одам болалигини қўмсай бошлайди, қани энди, сеҳргардай афсунли таёқчани бир силкитиб, яна болалик онларига қайта олсам, дейди. Ақли тўлишиб, фикри теранлашиб боргани сари ўтган умрини тафтиш қиладиган, ортига тез-тез назар ташлайдиган бўлади: нимага эришди, нимани топди-ю, нимани йўқотди? Ҳаммасини яна бошидан бошлашнинг имкони бўлишини орзу қилади, ўкинади, афсус чекади. Аммо Вақт аталмиш қаҳри қаттиқ ҳакам бунга йўл қўярмиди? У бир зайлда, ўша шиддат, ўша суръат билан олға қадам босаверади. Уни тўхтатмоқнинг имкони йўқ. Аммо уни қандай ўтказиш ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ. Интилган, ҳаракатдан тўхтамаган, қалбидаги умидини сўндирмаган одамни Вақт ўзи билан баробар етакласа, ҳафсаласиз, ғайратсиз, умидсиз одамни ортидан судраб бораверади. Демак, йилдан йилга қандай ўтиш ҳам ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Йил сўнгида бир зум ортга қайрилиб, нималарга эришганимиз ҳақида хаёлан ҳисоб-китоб қилиб олсак, янги йилни кўнгилдаги яхши ниятлар ушаладиган давр сифатида кўрамиз.
Инсон ҳаёти китоб бўлса, унинг ҳар бир йили шу китобнинг алоҳида бир саҳифаси. Ҳар бир саҳифани ёпиш олдидан унга ёзганларимиз – йил давомида ҳаётимизда рўй берган ҳодисалар, бизни қуршаган қувончу ташвишлар аро руҳиятимизга ҳам бўйлаб оламиз. Йил бўйи бошимиздан кечганларидан қандай хулоса чиқардик, ҳаёт рўбарў қилган синовлардан қай тарзда ўта олдик? Қай жиҳатдан ютдик, нимада ютқаздик? Буларнинг бари кейинги йил учун сабоқ бўлади, ҳаёт уммонида осонроқ сузишга, унинг турфа гирдобларидан усталик билан айланиб ўтиш, асов тўлқинларида ғарқ бўлмасликка ўргатади. Ниҳоялаётган йилда бироз кўпроқ машаққат чеккан, қийналган бўлсак, демак, янги йилда бунинг самарасини кўрмоғимиз муқаррар. Бошга келган ташвишни сабр, ирода билан енга олган бўлсак, демак, олдинда бизни ёруғ кунлар, нурафшон тонглар кутиб турибди. Бу йил ҳаётимиздаги недир муҳим муаммо ўз-ўзидан ечимини топган бўлса, бу бизга тақдирнинг туҳфаси, демак, кимгадир берган кўмак ўзимизга қайтгани, бирор эзгу амалимизнинг жавоби – бу. Кўпгина халқларда одат тусига кирган бир ирим бор: янги йил арафасида одам кўнглида гина-кудурат сақламаслиги, кимнидир ранжитган бўлса, узр айтиши, кимдир ўзидан узр тиласа, қабул қилмоғи лозим. Шунда ҳар иккисининг кўнгли равшанлашиб, янги йилни шодумонликда, тинч-хотиржам ўтказади. Замирида эзгу мақсад – ўзаро ҳамжиҳатлик, тотувликка чорлов яширин бу одат бежиз ижод қилинмаган. Зеро, кўнгилдаги гина бора-бора яра-жароҳатга айланади. Маддалаб, юракни азобга қўяди, руҳиятни хиралаштиради. Кун ўтгани сари одамни кўпроқ ўйлантира, кўнглини хижил қила бошлайди. Орадаги кудурат ариганида эса дилдаги барча ғуборлар ҳам бир зумда тарқаб кетади. Руҳият енгиллашиб, қалб ҳаётга, одамларга меҳру муҳаббат билан тўлади.
Шундай экан, янги йил арафасида эзгу ниятларни дилга ҳамроҳ қилайлик. Маррани юксакроқдан кўзлайлик. Мақсадни катта олайлик. Бу йил ниманидир кўзлаган, аммо эриша олмаган бўлсак, янада кўпроқ ҳаракат қилайликки, янги йилда бу ният амалга ошсин. Кўнгилдаги гиналарни, аразларни нари қувайликки, йил бўйи турли зиддиятлар бизни исканжага олмасин. Кўпроқ одамларга манфаат келтирадиган амаллар билан машғул бўлайликки, бундан ўзимизнинг кўнглимиз ҳам тоғдай кўтарилсин ва шу яхшилик йўлимизни ёритсин.
Янги йил остонасидаги ёруғ ва нурафшон ўй-хаёллар йил давомида барчамизга ҳамроҳ бўлсин!
Х.АБДУЛЛАЕВА