Бироқ Ватанга, онага, отага, фарзандга ҳеч қачон, ҳеч бир ҳолатда собиқ дея нисбат бериб бўлмайди. Шунга мувофиқ, ота-оналик мақоми ҳам, мажбуриятлари ҳам улар хоҳ бирга яшамасин, хоҳ ўртадаги муносабатлари жуда ёмон бўлсин сақланиб қолаверади. Хусусан, одамгарчилик нуқтаи назаридан ҳам, қонун нуқтаи назаридан ҳам ажрашган эр-хотинлар фарзанд тарбияси, таъминоти учун масъул. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар, деб қатъий белгилаб қўйилган. Демак, ана шу талабга зид ҳаракат қонун йўли билан тақиқланади.
Қарши туманида яшовчи М.И. бундан беш йил аввал турмуш ўртоғи билан ажрашган. Ўртада икки нафар фарзанди бор. Улар онаси билан бирга.
Бу ҳолда М.И. собиқ турмуш ўртоғига фарзандлари таъминоти учун ўзаро келишув асосида ихтиёрий равишда алимент тўлаб бориши керак эди. Бироқ бундан бўйин товлагач, Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2014 йилдаги тегишли қарори билан унга фарзандлари таъминоти учун белгиланган миқдорда алимент тўлаш мажбурияти юклатилади. Аммо М.И. барибир ўз билганидан қолмайди.
Шундан сўнг, аниқроғи 2018 йилнинг май ойида бу ҳақдаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Қарши туман бўлими иш юритувига ўтказилиб, М.И.дан собиқ турмуш ўртоғи фойдасига 2013 йилдан буён йиғилиб келаётган алимент пулларини ундириш белгиланади. Бу даврга келиб тўланмаган сумма 22 миллиондан ошиқни ташкил этади. Лекин олиб борилган тушунтириш ишларига қарамай, ота барибир алиментни тўламайди.
Айни сабабга кўра, иш яна суд тартибида кўриб чиқилди ва Қарши туман маъмурий судининг 2019 йил 21 майдаги қарори билан М.И.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ҳа, отанинг ўз фарзанди таъминотидан бўйин товлаб, қамоқда ўтириши уятли ҳолат. Лекин М.И. бундан номус қилмагани билан, қонундан қочиб қутула олмайди. Унинг алимент тўлашни яна пайсалга солиши энди жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Л.ГАДЖИЕВ,
Мажбурий ижро бюроси Қарши туман бўлими бошлиғи ўринбосари