Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

29.03.2018


ОТА-ОНАЛАР ҲАРБИЙЛАР ҲАЁТИ БИЛАН ТАНИШДИ

Шу кунларда ҳарбий қисм ва муассасаларда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиши муносабати билан ташкил этилаётган тантанали маросимлар ҳам том маънода ватанпарварлик  байрамига айланиб кетмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири подполковник Сайдулло Арипов командирлик қилаётган вилоятимиздаги тегишли ҳарбий қисмда ҳам ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, фахрийлар иштирок этди.

- Айни пайтда ҳарбий қисмимизда 200 нафарга яқин муддатли ҳарбий хизматчилар ўз йигитлик бурчини ўтамоқда, - дейди ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник Фурқат Маҳмадаминов.  - Уларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросими баҳонасида ота-оналари, яқинлари, дўст-жўраларидан иборат 400 га яқин меҳмонлар ҳарбий қисмга келиб, бу ерда фарзандларига яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Уларга офицерларимиз томонидан Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларга берилаётган имтиёзлар, ҳарбий оилалар учун яратилган шароитлар  ҳақида кенг тушунчалар берилди.

- Ўғлим Иброҳимжон Сатторовни аскар дўстлари сафида кўриб, қувонч ёшларимни тия олмадим, - дейди Тошкент вилояти Ангрен шаҳридан келган Гўзал Примова. – Тўғрисини айтсам, у армияга кетгач, қалбимни бироз соғинч ва алағдалик ҳисси ўртаб келаётган эди. Мана, бугун ҳарбий қисмга келиб, ўғлимнинг сафдошлари, командирлари билан танишдим, бу ердаги шарт-шароитларни кўриб, кўнглим тоғдек юксалди. Албатта, Ватанимизнинг мана шундай қудратли армияси, содиқ посбонлари бор экан, тинчлигимизга ҳеч ким дахл қила олмайди.

Шу куни барча саралаш синовлардан муваффақиятли ўтиб, хизматга олинган, эгнига ҳарбий либос кийиб, бошланғич ҳарбий ҳамда умумқўшин тайёргарлик машғулотларида армия ҳақида муайян тасаввурга эга бўлган, зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этган аскар ўғлонлар ҳарбий қасамёд қабул қилди.

Ушбу ҳаяжонли дақиқалар нафақат аскарлар, балки муҳим воқеани фахр билан кузатган уларнинг ота-оналари, дўстлари қалбида ҳам ўчмас таассурот қолдирди. Тадбир якунида ҳарбий қисм аскарларининг жанговар тайёргарлигини акс эттирувчи чиқишлар намойиш этилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo