Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА.

24.02.2017


«ОТА-ОНАЛАР УНИВЕРСИТЕТИ»

Бундан тўрт йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошида ота-оналарнинг ёш авлодни тарбиялаш бўйича ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини ошириш мақсадида “Ота-оналар университети”ни ташкил қилиш белгиланган эди. Дастур ижросини  таъминлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият тарғибот, “Оила” илмий-амалий марказлари, алоқадор вазирликлар ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошида “Ота-оналар университети”ни ташкил этиш бўйича қўшма қарор имзоланган ва шу асосда унинг низоми тасдиқланган.

- Маҳалламизда ташкил этилган “Ота-оналар универ-сите­ти” фаолияти ҳаётий тажрибага эга, кекса ўқитувчи, шифокор, руҳшу­нос ва ҳуқуқ-шунослар ёрдамида йўлга қўйилган, - дейди Қарши шаҳридаги Хонтепа маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳло Раҳмонова. - Айни пайтда ҳудудимизда профилактика назоратида турувчи, тарбия­си оғир болалар йўқ. Бундай натижага эришишда, ал­батта, “Ота-оналар уни­вер­­ситети”нинг роли катта. Чун­ки университет нафақат  бо­лалар тарбияси билан шу­ғул­ланади, балки тарбиячилар, яъни ота-оналарга ёш авлод тарбияси бўйича ҳар томонлама ёрдам беради.

Шунингдек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда фақат уларнинг дунёқарашини шакл-лантириш билан чекланиб қолмасдан, ўсиб келаётган авлодга ўрнак бўладиган катталар, ота-оналар орасида ҳам турли тарғибот ишларини олиб бориш, оилани бошқариш саводхонлигини юксалтиришга кўмаклашиш вазифаси ҳам ушбу жамоатчилик тузилмаси зиммасида.

Беш қўл баробар бўлмаганидек, афсуски, айрим маҳаллаларда спиртли ичимликлар истеъмол қилишга ружу қўйган, ахлоқсиз ва жанжалкаш, болаларга нисбатан ножоиз муносабатда бўладиган ота-оналар учрайди. Айрим ўсмирларнинг жиноят содир этиш сабаблари ўрганилганда айнан шу каби ҳолатлар уларни ҳуқуқбузарликка ундагани аниқланган. 

 “Ота-оналар университети” мана шундай оилалар билан ишлаш, уларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга кўмаклашишни ҳам назарда тутади. Бу айниқса, масъулиятли, долзарб иш бўлиб, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда    муҳим аҳамият касб этади.

- Таълим муассасаларида да­во­матни таъминлаш, бо­ла­ларни спорт тўгараклари ва ҳунар ўрганишга жалб этиш, ёшларни оилавий ҳа­ёт­га тайёрлаш, қизларга рўз­ғор юмушларини ўргатиш мақсадида аниқ режа-дастур тузганмиз, - дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган “Ота-оналар университети” раиси Мустафо Темиров. - Баъзида вояга етмаган фарзандини пул топиш учун чет элга жўната­диган, коллежда таҳсил олаётган қизини турмушга узатишга мойил ота-оналар ҳам учрайди. Уларга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғ­ри­сидаги  кодексига киритилган ўзгартириш ва қў­шим­чалар ҳақида тушунча берамиз. Бу ҳаракатлар жавобгар­ликка олиб келишини айтамиз. Албатта, ушбу саъй-ҳаракатларимиз ўз натижасини бераяпти.

-“Oтa-oнaлaр унивeр-ситeти”нинг бир нeчa мaшғулoтлaридa иштирoк  этдим, - дeйди Қарши банк   коллежи ўқувчиси Сожида Қувватова. - Aйниқсa, тўй ҳaмдa бoшқa мaрoсимлaрни иxчaм, миллий урф-oдaт вa aнъaнaлaргa мoс ҳoлдa ўткaзиш, aждoдлaримизнинг oилa мaънaвияти билaн бoғлиқ ўгитлaри мaзмун-мoҳиятигa бaғишлaнгaн суҳбатлaр мeндa кaттa тaaссурoт қoлдирди.

“Ота-оналар универси­те­ти” таркибига руҳшунослар­нинг  киритилганидан ҳам му­айян мақсад кўзланган. Айниқса, балоғат ос­тона­сидаги қизи ёки ўғ­ли билан муроса-муносабат­да муаммо­га дуч келган ота-оналарга бу мутахассиснинг катта ёрдами тегиши шубҳасиз.

- Кўпинча йигит-қизларимизнинг муаммоларига, орзу-истакларига эътибор бермаймиз,  - дейди тузилма аъзоси, психолог Махфират Ражабова. - Тўғрироғи, баъзида уларга фақат талаб қўямизу, қизиқишлари билан ҳисоблашмаймиз. Ваҳоланки,   Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар қайси ота-она, мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Фарзанд тарбиясига ана шу оддий талабдан келиб чиқиб ёндашсак, мақсадга мувофиқ бўлади. 

Маҳаллада “Keнгaшли тўй тaрқaмaс”, “Keлин вa қaйнoнa мунoсaбaти”, “Meн бaxтли oнa бўлaмaн”, “Oнa бўлишгa тaйёрмисиз?”, “Oилa вa никoҳ - муқaддaс”, “Бир болага етти қўшни ота-она”, “Oилaвий қaдриятлaр”, “Oилa вa сaлoмaтлик” кaби мaв-зулaрдa маданий-маърифий тaрғибoт тaдбирлaри ўткaзиб келинмоқда. Бу ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда соғлом тафаккурни шакллантириш, оила, жамият, Ватан олдидаги масъулиятини, юрт тақдири учун дахлдорлик туйғусини кучайтиришда қўл келаётир.

- Ҳар йили алоҳида иш  режаси ва чора-тадбирлар  дастурини ишлаб чиқамиз, - дейди Мустафо Темиров. - Жорий йилги фаолиятимиз қамрови янада кенг. Зотан, Соғлом она ва бола йилида фарзандлар саломатлиги, таълим-тарбияси ҳар қачонгидан кўра жиддий эътиборда. Жумладан, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар билан ишлаш, нотинч оилалар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, вояга етмаганлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, оилада психологик муҳитни яхшилашдек кўплаб масалалар бўйича тизимли иш олиб бормоқдамиз.

Бир сўз билан айтганда, “Ота-оналар университети”ни аҳолининг маърифий, ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий саводхонлиги ва малакасини оширувчи, бола тарбияси илмидан хабардор қилувчи, соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантирувчи жамоатчилик мактаби, деб таърифлаш мумкин. Шу билан бирга, ушбу тузилма фаолияти самарадорлигини ошириш, бу борада масъул ташкилотлар ҳамда маҳалла фаолларининг ҳамкорлигини кучайтириш - давр  талаби. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Биз ўз фарзандларимизнинг бахту саодатини, иқболи ва камолини кўришни истар эканмиз, нафақат оиладаги, балки маҳалла-кўйдаги одамларнинг хатти-ҳаракати ҳам боланинг шаклланиб келаётган соф қалби ва онгига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида доимо ўйлашимиз, бу масалада зиммамизда қандай улкан масъулият борлигини унутмаслигимиз зарур”.

Шоҳиста БОЗОРОВА.

Report typo