Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.FОЗИЕВ

14.06.2019


ОТАНИНГ ОРЗУСИ АМАЛГА ОШМАДИ. НЕГА?

Муқаддам содир этган турли жиноятлари учун бир неча маротаба судланиб, гоҳида қонунларимиздаги инсонпарварлик, бағрикенглик тамойиллари асосида муқаррар жазодан қутулиб қолган бўлса, гоҳида белгиланган жазони тўлиқ ўтаб келган, лекин ҳар сафар суд залидаги тавба-тазарруларни унутиб, эски қилиғини бошлайдиган Баҳодир бу гал ҳам Аброр Холиқовнинг мақсадини тинглаб, жим тўра олмади. Тайёр ўлжа ёнида ҳис этди ўзини.

- Ака, сизнинг ишингизни ўзим ҳал қиламан, - деди у пинак бузмай. - Бўлам вилоят ИИБда катта лавозимда ишлайди. Шу кишига айтсам, йўқ демаслиги аниқ.

Эртаси куни Баҳодир Аброр Холиқов билан телефон орқали боғланиб, ўғли Озодбекнинг ўқиши масаласини ҳал қилгани, бунинг учун 4 миллион сўм зарурлигини билдирди.

Аброр шу куни унга "хамир учидан патир" сифатида 900 минг сўмни келтириб берди. Баҳодир пулни олиб, бир-икки кун Озодбекнинг иши бўйича елиб-югургандек бўлди. Мижознинг ишончини қозонгач, пулнинг қолганини ҳам сўраб олди.

Шундан сўнг Аброрнинг кўнгли хотиржам тортиб, у ишни осон ҳал этганидан бир неча кун қувониб юрди. Аммо орадан ҳафталар ўтса-да, Баҳодирдан дарак бўлавермагач, хавотири ошиб унга телефон қилди. Аксига олиб, телефони умуман ишламаётган эди. Кўнглига ғулғула тушган ота шу куни вилоят ИИБга бориб, лицейга ўқишга кириш учун номзодлар рўйхати билан танишди. Улар орасида ўғли йўқ эди. Баҳодирнинг ҳужжатларнида топширмаганини билгач, уни излашга тушди.

Бир неча кунлик оворагарчиликлардан сўнг Баҳодирдан ўғлининг ҳужжатларини олди, пулни эса йўқ. Шундан сўнг алданганини билган  Аброр Холиқов бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат этди.

Хулоса не бўлди дерсиз?..

Ўз муаммосини эгри йўллар билан ҳал этишни истаган Аброр Холиқовнинг ўғли ИИВ Қашқадарё академик лицейига ўқишга кира олмади. Борига қаноат қилиб, ҳалол меҳнат билан оила тебратиш ўрнига содда одамларни лақиллатиб, уларнинг чўнтагини шилишни ўйлайдиган Баҳодир Раҳимов эса навбатдаги сафар темир панжаралар ортига йўл олди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан Баҳодир Раҳимовга нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Б.FОЗИЕВ,

Қарши шаҳар прокурори ёрдамчиси

Report typo