- 2017 йилда вилоятимиздаги олий таълим муассасаларига 54 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширган бўлса, жорий йил уларнинг сони 60 мингдан ошиши кутилмоқда. Хусусан, 11 июль ҳолатида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида (қабул квотаси 1 минг 550) 12 минг 575 нафар абитуриентдан ҳужжат қабул қилинган бўлса, бу кўрсаткич Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Қарши филиалида 1 минг 594 нафарни ташкил қилмоқда (қабул квотаси 290 та). Қарши давлат университетига эса 24 минг 853 нафар абитуриент ҳужжат топширган (уларнинг 2 минг 380 нафари талабаликка қабул қилинади).
Тест синовлари 15 кун давомида ўтказилади
- Бу йилги асосий янгиликлардан бири тест синовлари 1-15 август кунлари катта сиғимли павильонларда таълим йўналишлари кесимида 2 сменада ўтказилишидир.
Вилоятдаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ўтказиш учун Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати манежи ҳамда спорт зали танлаб олинди.
Ушбу павильонларда биринчи сменада эрталаб соат 8-00 дан 11-00 гача 2130 нафар ва иккинчи сменада кундузги соат 15-00дан 18-00гача яна шунча ўғил-қиз, бир кунда жами 4260 нафар абитуриент тест синовларини топшириши режалаштирилган.
Эндиликда абитуриентлар талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани тўғрисидаги натижаларни илгаригидек 10-15 кун давомида юрак ҳовучлаб кутмайди, балки тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайти www.dtm.uz орқали билиб олишлари мумкин.
Саволлар 36 тадан 30 тага камайди
- Жорий йил тест синовлари давомида ҳужжатларни расмийлаштириш ва тўлдириш ҳақидаги мажбурият ва вазифалар абитуриентларга олий таълим муассасасаларининг қабул комиссиялари томонидан 15 июндан 15 июлга қадар ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида Низомда белгиланган тартибда тушунтирилади. 29-31 июль кунлари олий таълим муссасаларининг қабул комиссиялари томонидан абитуриентларга ДТМ рухсатномалари, тест топширадиган бинонинг режа-чизмаси ва эслатма тарқатилади. Ҳар бир абитуриент ДТМ рухсатномаларини ўз вақтида олиши шарт. Чунки унда тест синовларини топшириш учун қайси бинога, нечанчи сменада ва қайси вақтда келиши ёзиб қўйилади. Яна шуни қўшимча қилиш керакки, абитуриентларнинг тест синови давомида бир-бирига халал бермасликлари, тест саволларини ечишда бошқалар ёрдамидан фойдаланмасликлари учун ҳар бир ўғил-қизга 2 квадрат метр майдон ажратилган.
Тест саволлари сонида ҳам ўзгаришлар бор. Хусусан, жорий йилда тест топшириқлари китобидаги тестлар сони ҳар бир фандан 30 тадан, жами учта фандан 90 та бўлади. абитуриентларга тест топшириқларини ечиш ва жавоблар варақасига белгилашлари билан биргаликда 90 та тестга 3 соат, 60 та тестга 2 соат ва 30 та тестга 1 соат вақт берилади.
Тартиббузар абитуриент тест синовларига қўйилмайди
- Абитуриентларнинг тест синовлари топширадиган куни ва сменаси унинг ДТМ рухсатномасида аниқ белгиланган бўлади. Шуни унутмаслик керакки, белгиланган куни тест синовларига келмаган абитуриент имтиҳонни қайтиб топшириш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Агар абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса, тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга топшириқларни бажаришда ёрдам берса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса, имтиҳон ўтаётган бинодан чиқса, тест синовлари учун ажратилган вақт тугаганидан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса, ушбу абитуриент тест синови жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмайди. Соғлиғига салбий таъсир этувчи ҳолатларда тест материалисиз кузатув остида гуруҳдан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.
Назорат постлари мутахассислар билан таъминланади
- Маълумки, тест синовларининг адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тест синовлари ўтказиладиган залларга видеокузатув камералари ўрнатилади. Улар орқали тест синовлари жараёнини кенг жамоатчилик ва ота-оналар кўриб-кузатиб боришади.
Шунингдек, тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга гуруҳ назоратчилари ва абитуриентлар ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамда олий таълим муассасалари қабул комиссиялари аъзолари томонидан назорат хизмати постларидаги металлодетекторлар орқали текшириб киритилади. Абитуриентларнинг шахсини идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали бинога тегишли ҳудудга киритиш, бинолардаги ва хизмат постларидаги видеоёзувлар сақланиши ҳам таъминланади.
Ижодий имтиҳонлар - 15 июлдан 21 июлгача
- Қарши давлат университетида жисмоний тарбия ва спорт, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мусиқий таълим йўналишларида иқтидорли ёшлар махсус Низом талаблари асосида 15 июлдан 21 июлгача ижодий имтиҳон топширишади ва талабаликка танлаб олинади. Шунингдек, 105 нафар B1 ва ундан юқори сертификатга эга бўлган ёшлар чет тили фанларидан тест синовлари топширишмайди. Бундай ёшларга шу фанлардан максимал балл қўйилади.
Абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари, кузатувчилари учун малакали тиббий хизмат йўлга қўйилиши, биноларда мўътадил ҳароратнинг сақланиши, тўпланиш жойларида соябонлар ўрнатилиши, уларнинг ичимлик суви, кўк ҳаворанг пастали ручкалар билан таъминланиши кўзда тутилган. Узоқ ҳудудлардан келувчи абитуриентлар учун график асосида автобуслар қатнови ташкил этилади ёки Қарши шаҳридаги таълим муассасалари ётоқхоналаридан белгиланган муддатларда, талаблар даражасида фойдаланилади.
Сожида АЛЛАЁРОВА суҳбатлашди.